Норасмий муҳитда ўтган самимий суҳбатда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларни ҳаётга фаол татбиқ этишда ватандошлар қўшаётган ҳисса муҳокама қилинди. Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон ва Корея ўртасида иқтисодиёт, илм-фан ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қатор илғор таклифларни илгари сурди.
Хусусан, миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда Кореянинг рақамли технологияларини интеграция қилиш, тиббиёт, транспорт, божхона ва туризм соҳаларида инновацион ечимларни илгари суриш масалаларига эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан ҳам аниқ ташаббуслар билдирилди. Жумладан, Кореяда Ўзбекистон маданий марказлари тармоғини кенгайтириш, ўзбек тилини ўрганиш дастурларини ривожлантириш, икки мамлакат ҳудудида турли маданий тадбирлар ўтказиш ҳамда ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини корейс тилига таржима қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун ватандошларга миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев уларнинг ҳар бир ташаббуси батафсил ўрганилишини, энг муҳим лойиҳалар ҳар томонлама амалий қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

Давлат раҳбари Ўзбекистон ватандошлар билан мулоқотга доимо очиқ эканини, уларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратишга тайёрлигини қайд этди.
Учрашув иштирокчилари эса ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва уларнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун яратилаётган янги имкониятлар учун Президентга миннатдорлик билдирди. Улар ўз билим ва ғайратини Ўзбекистон фаровонлиги ва равнақи йўлида сафарбар этишга тайёр эканини айтди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.