Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 24 февралда қабул қилинган ва 19 май куни Сенат томонидан маъқулланган. Ҳужжат 12 сентябрдан кучга кирди.
Асосий ўзгариш — Жиноят кодексининг 236-моддаси энди тергов ва судга аралашишни алоҳида тартибга солади. Судга таъсир ўтказганлик учун жавобгарлик кенгайтирилди: энди нафақат адолатсиз қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга, балки ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганишга тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш учун жавобгарлик белгиланди. Бундан ташқари, ҳимоя халқ маслаҳатчиларига ҳам татбиқ этилди. Жазо чораларининг ўзи ўзгармади.
Бундай аралашув учун аввалгидек уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Агар ушбу ҳаракатларни мансабдор шахс содир этса, жазо кучайтирилади: муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Агар аввал судга ҳурматсизлик тўғрисидаги норма суд мажлиси пайтида тартибни бузиш ҳолатларига нисбатан қўлланилган бўлса, энди унга «ёки суд биносида» деган сўзлар қўшилди.
Шу тариқа, маъмурий жавобгарлик суд мажлиси ўтказилаётган вақтдан ташқари ҳолатларда ҳам бевосита суд биносида белгиланган тартибни бузганлик учун қўлланилади.
Қонунда қайд этилишича, ўзгартиришлар суднинг мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг фаолиятига ҳар қандай аралашувларнинг олдини олишга қаратилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.