«Ишонч инсон ҳуқуқлари стандартларини кундалик ҳаётда изчил қўллаш орқали шаклланади» — ЕХҲТ ДИИҲБ раҳбари

«Ишонч инсон ҳуқуқлари стандартларини кундалик ҳаётда изчил қўллаш орқали шаклланади» — ЕХҲТ ДИИҲБ раҳбари

Тошкентда 28−29 сентябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми бўлиб ўтди. Gazeta БМТ, ЖССТ ва ЕХҲТ вакиллари нутқларидаги асосий фикрларни тақдим этади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари — фуқаролар ва миллий институтларни боғловчи бўғин


ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) директори Мария Телалян жамиятнинг давлат ва ҳуқуқ ҳимояси институтларига бўлган ишончини уларнинг амалий фаолияти ҳамда ҳуқуқлар бузилгандаги ҳисобдорлиги билан боғлади.

«Ишончни фақат баёнотлар билан сақлаб бўлмайди. У одамлар таяна оладиган институтлар, ҳуқуқлар бузилган ҳолатлардаги ҳисобдорлик, фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги мулоқот ҳамда, энг аввало, инсон ҳуқуқлари стандартларини одамларнинг кундалик ҳаётида изчил қўллаш орқали шаклланади», — дея таъкидлади у.

Мария Телаляннинг сўзларига кўра, мустақил миллий ҳуқуқ ҳимояси тузилмалари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва уларнинг миллий даражадаги ижроси ўртасида, шунингдек, фуқаролар ва давлат институтлари орасида боғловчи бўғин вазифасини бажариши мумкин.

Уларнинг асосий вазифалари — инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мустақил мониторинг қилиш, жабрланганларни ҳимоя қилишга кўмаклашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдир. Бундан ташқари, ҳукумат органлари учун тавсиялар тайёрлаш ва қонунчиликни такомиллаштиришда иштирок этиш ҳам уларнинг бурчлари сирасига киради.

Ҳуқуқ ҳимоячилари фаолиятининг самарадорлиги уларнинг мустақиллиги, етарли ресурсларга эгалиги ҳамда давлат органлари фаолиятини холисона назорат қилиш имкониятига боғлиқ, дея қўшимча қилди Мария Телалян.

Ҳуқуқларни ҳимоя қилишдаги бўшлиқларни бартараф этиш


БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида ўтказилган ислоҳотлардан сўнг Ўзбекистон олдида турган вазифаларни кўрсатиб ўтди.

«Ўзбекистон салмоқли ислоҳотларни амалга ошириш мумкинлигини исботлади. Ҳозирги босқичдаги вазифа — эришилган натижаларни мустаҳкамлаш, сақланиб қолаётган бўшлиқларни бартараф этиш ва қўлга киритилган тараққиётни ҳар бир инсон ҳис қилишини таъминлашдан иборат», — дейилади унинг мурожаатида.

Фолькер Тюркнинг фикрича, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро механизмлар билан ҳамкорликни давом эттириши ҳамда халқаро мажбуриятларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиши муҳим аҳамиятга эга.

БМТ комиссари ўз мурожаатида Ўзбекистонни ва форум иштирокчиларини Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянсда фаол иштирок этишга чақириб, инсон ҳуқуқларини амалда илгари суриш мақсадида давлатлар, фуқаролик жамияти, бизнес ва ёшлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Қийноқларнинг олдини олиш доимий мониторингни талаб қилади


БМТнинг Қийноқларнинг олдини олиш бўйича қуйи қўмитаси раиси ўринбосари Элина Штейнерте ҳибсда сақлаш жойларида қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича тизимли иш олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

«Қийноқларнинг олдини олиш бир марталик чора-тадбирларни эмас, балки вазиятга халқаро эътибор сусайганидан кейин ҳам одамлар ҳимоясини таъминлайдиган доимий миллий мониторингни талаб қилади», — деди у ўз видеомурожаатида.

Штейнерте БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига доир Ихтиёрий протоколда назарда тутилган механизмни — миллий ва халқаро органлар томонидан ҳибсда сақлаш жойларига мунтазам ташриф буюриш тартибини эслатиб ўтди. Бундай ёндашув ҳуқуқбузарликлар содир этилишидан олдин уларнинг олдини олишга қаратилган.

Саломатлик ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланишга нималар тўсқинлик қилмоқда?


Низолар, қашшоқлик, дискриминация, иқлим ўзгариши, мажбурий кўчиш ва тиббий хизматлардан тенг фойдалана олмаслик кўплаб одамлар учун саломатлик ҳуқуқини рўёбга чиқаришни ҳали ҳам мураккаблаштирмоқда, дея қайд этди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

«Ишонч инсон ҳуқуқлари стандартларини кундалик ҳаётда изчил қўллаш орқали шаклланади» — ЕХҲТ ДИИҲБ раҳбари
«Инсон ҳуқуқлари ва саломатлик бир-биридан ажралмасдир. Тенглик, жараёнларда иштирок этиш, ахборот олиш ва ривожланиш ҳуқуқлари одамларнинг соғлом турмуш кечириши учун шароит яратади, саломатлик ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши эса уларга таълим олиш, ишлаш, жамият ҳаётида фаол қатнашиш ва ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиш имконини беради», — дея таъкидлади у.

ЖССТ раҳбари инсон қадр-қиммати ва тенглик тамойилларига асосланган қонунчилик, давлат сиёсати ҳамда самарали тизимлар орқали халқаро мажбуриятлардан уларни амалда бажаришга ўтишга чақирди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.