Таълим тизимига тушаётган юкламани енгиллатиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида Президент томонидан ўқув юкламаси юқори бўлган 52 та туманда хусусий мактаблар очишни қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий механизмлари эълон қилинди.
Янги тартибга кўра, ушбу 52 та туманда мактаб ташкил этиш учун тадбиркорларга 7 йил муддатга 10 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади, шунингдек, очиш ва жиҳозлаш харажатларининг 15 фоизигача (кўпи билан 1,5 миллиард сўм) субсидия берилади. Бундан ташқари, ўз биносини мактаб учун ижарага берган мулкдорлар ер ва мулк солиғидан озод этилади, республиканинг барча туманларидаги бўш турган давлат объектлари эса нодавлат таълим муассасалари учун 10 йилга бепул ижарага берилади. Халқаро аккредитациядан ўтиш харажатларининг тенг ярми ҳам давлат томонидан қоплаб берилади.
Шу билан бирга, фарзандлари хусусий мактабда таҳсил олаётган ота-оналар учун ҳам муҳим ижтимоий енгиллик яратилди. Дaромад солиғи олинмайдиган тўлов чегараси амалдаги 3 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача оширилиб, бу ҳар бир оилага йилига 6–7 миллион сўм тежаш имконини беради. Солиғ органлари томонидан ушбу тўловларни ҳар ой якуни бўйича автоматик тарзда қайтариш тизими йўлга қўйилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.