«Сув тақчиллиги Марказий Осиё тараққиёти учун жиддий тўсиққа айланмоқда» — Шавкат Мирзиёев

«Сув тақчиллиги Марказий Осиё тараққиёти учун жиддий тўсиққа айланмоқда» — Шавкат Мирзиёев

Сув ва иқлим ўзгариши масалалари Марказий Осиё мамлакатларидан биргаликда қарорлар қабул қилишни талаб этади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Озарбайжоннинг саккизинчи Маслаҳат учрашувида маълум қилди.

«Сув ресурслари тақчиллиги Марказий Осиё тараққиёти учун тобора жиддий тўсиққа айланмоқда. Иқлим ўзгармоқда, аҳоли сони ўсмоқда, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмага тушаётган босим ортмоқда. Шунинг учун бизда қанча сув борлиги ва ундан қандай фойдаланилаётганини аниқроқ тушуниб олишимиз зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент замонавий рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

«Бугунги кунда катта сув йўқотишлари минтақамиз учун жуда қимматга тушмоқда», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

У Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги тўғрисидаги умумий ташаббусни тўлиқ амалга оширишга чақирди.

Келгуси йилда Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раисликни қабул қилади. «Биз бу миссияга катта масъулият сифатида қараймиз. Раислик даврида жамғарма ишини янада самарали қилиш, янги экологик лойиҳаларни ишга тушириш ва қўшимча молиялаштиришни жалб этиш ниятидамиз», — деди президент.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларида Афғонистон билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратиш лозим. «Ушбу мулоқот доимий ва мазмунли бўлиши, минтақадаги барча мамлакатлар манфаатлари албатта ҳисобга олиниши шарт», — деди у.

Президент шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши Марказий Осиё шаҳарларининг энг кўзга кўринган муаммоларидан бирига айланаётганини қайд этди. У Ўзбекистон «Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси» халқаро консорциумини тузишни таклиф қилганини эслатиб ўтди.

«Унинг фаолиятини аниқ қўшма лойиҳа: мамлакатларимиз саноат зоналари, агрокластерлари ва транспорт боғламаларини экологик жиҳатдан модернизация қилиш бўйича пилот дастуридан бошлаш мумкин. Бу муаммони муҳокама қилишдан, атроф-муҳитга босим айниқса катта бўлган жойларда амалий ишга ўтиш имконини беради», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.