Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни Туркманистон мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳамда МДҲдаги самарали раислиги билан табриклади.
Ўзбекистон — Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръати қайд этилди. Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, «Шовот — Тошовуз» чегараолди савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритаётгани таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамда саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳаларда Кооперация дастурини қабул қилиш ва уни икки мамлакат ҳудудлари даражасида ҳам амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисидаги битим имзоланди. Мазкур ҳужжат сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш ҳамда устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам институционал асос яратади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.