Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда талаб юқори бўлган касблар атласини яратишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда талаб юқори бўлган касблар атласини яратишни таклиф қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатларига талаб юқори бўлган касб ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда у Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида маълум қилди.

«Келгусида иқтисодиётимизга қандай мутахассислар керак бўлишини яхши тушунишимиз лозим. Бунинг учун талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз. Унда бугунги кунда мутахассислар танқислиги сезилаётган ва яқин йилларда талаб ўсиб борадиган йўналишлар бўйича мамлакатларимизнинг прогноз маълумотларини бирлаштириш мумкин. Бу университетлар ва касб-ҳунар таълими муассасаларига иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларини олдиндан ҳисобга олиш имконини беради», — деди давлат раҳбари.

Президент келгусида минтақанинг бир нечта мамлакатида амалга ошириладиган йирик лойиҳалар учун кадрлар тайёрлаш мумкинлигини таъкидлади.

«Шу тариқа таълим саноат, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва бошқа соҳалар ривожи билан бевосита боғланади», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Мамлакатларимиз катта демографик салоҳиятга эга. Аҳоли сони ортиб, ёшлар кўпаймоқда. Минтақа иқтисодиётининг ўн, йигирма ва ўттиз йилдан кейин қандай бўлиши кўп жиҳатдан ёшларнинг таълими ва касбий тайёргарлиги сифатига боғлиқ. Шунинг учун ҳамкорлигимизда таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш алоҳида ўрин тутиши керак», — деди президент.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.