Мунира Аминова Олий аттестация комиссияси раиси этиб тайинланди

Мунира Аминова Олий аттестация комиссияси раиси этиб тайинланди

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Мунира Абдугафуровна Аминова Фанлар академияси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда идоранинг ўзи хабар бермоқда.

Мунира Аминова 2022 йилдан бери Буюк Британиянинг Қироллик қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ташкил этилган Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ректори лавозимида фаолият кўрсатаётганди.

Шунингдек, 2024 йилдан Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси сифатида ишлаётганди.

Меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Молия вазирлиги, Халқаро Вестминстер университети, БМТ (Нью Йорк), Халқаро маъмурий фанлар институти (Брюссель), Eвропа Иттифоқи дастурлари ҳамда Бельгия ва Нидерландиянинг нуфузли олий таълим муассасаларида раҳбарлик, илмий-педагогик ва экспертлик лавозимларида фаолият юритган.

У сиёсий фанлар доктори, давлат бошқаруви ва олий таълим соҳаларида катта тажрибага эга бўлиб, Тошкент давлат техника университети, Буюк Британиядаги Бирмингем университети ва Брюссель эркин/очиқ университети (Vrije Universiteit Brussel)да таҳсил олган.

Инглиз, француз ва рус тилларини билади. Оилали, бир нафар фарзанди бор.

«Унинг давлат бошқаруви ва таълим тизимини институционал ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик соҳаларидаги кенг миллий ва халқаро тажрибаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини амалга оширишга, жумладан, институционал модернизация, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий дипломатия ва рақамли трансформация ташаббусларини илгари суришга хизмат қилмоқда», — дея таъкидлади ОАК.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг май ойида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Аҳмадбек Юсупов Олий аттестация комиссияси раиси лавозимидан озод этилганди. У ушбу лавозимда 2015 йилдан буён ишлаб келаётганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.