Шавкат Мирзиёев ТДТ саммитида саноат, логистика, туризм ва визасиз сафарлар бўйича ташаббусларни илгари сурди

Шавкат Мирзиёев ТДТ саммитида саноат, логистика, туризм ва визасиз сафарлар бўйича ташаббусларни илгари сурди

Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

«Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик» шиори остида ўтказилган тадбирда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқининг аввалида мазкур йиғилиш буюк цивилизациялар чорраҳасида жойлашган Анқарада юксак савияда ташкил этилгани учун Туркия президентига миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, тадбир арафасида сўлим «Бештепа» боғида давлатларимизнинг миллий-маданий мажмуаси очилиши қардош халқларнинг муштарак меросини асраб-авайлашда муҳим қадам бўлгани ва бу рамзий ёдгорлик туркий дунё бирлигининг ёрқин тимсолига айланиши қайд этилди.

Халқаро муносабатлар ва «ТДТ плюс» формати


Давлат раҳбари ТДТ атрофидаги минтақаларда давом этаётган зиддиятлар шароитида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлигини қайд этди.

Ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш мақсадида учинчи мамлакатлар билан «Туркий давлатлар ташкилоти плюс» форматидаги ҳамкорликни соҳавий вазирлар учрашувларидан бошлаш таклиф этилди. Ушбу мулоқотлар савдо, транспорт ва инвестиция соҳаларида аниқ лойиҳаларни амалга оширишга қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

«Туркий дунё — 100» дастури ва бизнеснинг ҳуқуқий ҳимояси


Саноат кооперациясини ривожлантириш ва жаҳон бозорига биргаликда чиқиш учун 100 та стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини қамраб олувчи «Туркий дунё — 100» дастурини қабул қилиш илгари сурилди. Бунда нодир ва стратегик минералларни пўла қайта ишлаш ҳамда «яшил» энергетика ускуналарини маҳаллийлаштиришга устуворлик берилади. Лойиҳаларни молиялаштиришга Туркий инвестиция жамғармаси ва халқаро молиявий институтлар ресурслари жалб этилади.

Иқтисодий алоқалар кенгаяётгани муносабати билан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд қарорларини ўзаро тан олиш ва ижро этиш мақсадида «Тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги кўп томонлама шартномани ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Шунингдек, ваколатли органлар ўртасида ҳужжатларни электрон алмашиш бўйича рақамли платформа яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ягона логистика тармоғи, туризм ва ID карталар орқали сафарлар


Глобал таъминот занжирлари ўзгараётган шароитда Ўрта коридор ва унга туташ бошқа транспорт йўлакларини яхлит иқтисодий тизимга айлантириш мақсадида «Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи»ни ташкил этиш ва уни биргаликда бошқариш таклиф этилди.

Туризм соҳасида 2025 йилда аъзо мамлакатларга 100 миллиондан зиёд хорижлик сайёҳ ташриф буюрганини инобатга олиб, «Туркий туризм альянси»ни тузиш вақти келгани таъкидланди.

Аҳолининг ўзаро қатновини енгиллаштириш мақсадида Фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисида кўп томонлама битим ишлаб чиқиш илгари сурилди. Бу ҳужжатда ID карталар асосида сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, чегарадан ўтиш ва мезбон давлатда бўлиш тартибини соддалаштириш назарда тутилади.

Таълим, экология ва тил бўйича ташаббуслар


Шавкат Мирзиёев Инсон капиталини ривожлантириш доирасида Ўзбекистон томонидан Туркий давлатлар вакилларига ҳар йили 200 та таълим гранти ажратилишини маълум қилди.

Саммитда Ўзбекистон ташаббуси билан 2027 йил ТДТ доирасида «Табиатни асраш йили» деб эълон қилингани учун ташаккур билдирилиб, устувор вазифалар Анталияда ўтадиган COP — 31 анжумани доирасида экология вазирлари томонидан кўриб чиқилиши қайд этилди. Мaданий соҳада эса туркий халқлар учун муштарак бўлган сўзларни жамлайдиган «Умумтуркий сўзлар луғати»ни яратиш таклифи берилди.

Мукофотлар ва ташкилий тайинловлар


Саммит доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, элчи Дюсен Касеиновга топширилди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров эса «Туркий дунё Олий ордени» билан тақдирланди.

Ташкилот бош котиби лавозимига Кубаничбек Омуралиев ўрнига Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимов номзоди тасдиқланди. ТДТга раислик Озарбайжондан Туркияга ўтди. Ташкилотнинг навбатдаги саммити 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.