Лойиҳага кўра, узоқ муддатли учрашув хонасидан бир сутка фойдаланиш учун икки ўринли хонага базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 20 фоизи, уч ўринли хонага 25 фоизи, тўрт ўринли хонага эса 30 фоизи миқдорида ҳақ ундирилади. Хонадан бир суткадан кам фойдаланилган тақдирда ҳам тўлиқ кун учун тўлов олинади.
Видеоқўнғироқнинг бир дақиқаси учун БҲМнинг 0,5 фоизи, телефон орқали суҳбатнинг бир дақиқаси учун эса 0,1 фоизи миқдорида ҳақ белгилаш таклиф этилмоқда.
Учрашув хоналари учун тўлов олдиндан ва нақд пулсиз шаклда амалга оширилади. Телефон қўнғироқлари ва видеомулоқотлар учун ҳақ маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан ечиб олинади.
16 ёшгача бўлган болалар, I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилалар аъзоларига узоқ муддатли учрашувлардан бепул фойдаланиш имконини бериш таклиф қилинган. Бироқ бу имтиёз видеоқўнғироқлар ва телефон суҳбатларига татбиқ этилмайди.
Агар техник носозлик сабабли учрашув ёки суҳбат амалга ошмаса, кўрсатилмаган хизмат учун тўланган маблағ қайтарилади.
Ҳозирча ҳужжат қарор лойиҳаси бўлиб, таклиф этилаётган тарифлар ҳали тасдиқланмаган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.