Отабек Умаров номзоди Халқаро кураш ассоциацияси президентлигига тавсия этилди

Отабек Умаров номзоди Халқаро кураш ассоциацияси президентлигига тавсия этилди

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Халқаро кураш ассоциациясининг навбатдаги ХХII Конгресси бўлиб ўтди. Унда Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбариятидан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Конгресс кун тартибига мувофиқ, ассоциация раҳбариятининг ҳисоботлари тингланиб, 2025-2026 йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Тадбирда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, Ўзбекистон МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров сўз олиб, Ўзбекистон президенти, МОҚ раиси, Халқаро кураш ассоциациясининг фахрий Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кураш спорти ривожини янги босқичга олиб чиқиш йўлида улкан ишлар амалга оширилаётгани, миллий спортимиз халқаро майдонда ўз нуфузини ошириб бораётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Халқаро кураш ассоциациясининг (IКА) 2027 йилда бўлиб ўтадиган Конгрессида ташкилотга янги президент сайланади. Бугунги анжуман давомида халқаро спорт соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси, юртимиз ва Осиё спорти ривожига қўшган ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда, курашни изчил ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида Отабек Умаров номзоди Конгресс томонидан ташкилот раҳбарлигига илгари сурилди ва бу ташаббус делегатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Эслатиб ўтамиз, сайлов жараёни ташкилотнинг келгуси йили ўтказиладиган Конгрессида бўлиб ўтади.

Йиғилишда Қозоғистон, Литва, Шри-Ланка, Иордания, Франция, Сурия, Швейцария, Арманистон, Италия, Австралия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн миллий федерациялари халқаро ассоциация аъзолигига тасдиқланди. Қолаверса, мусобақаларни ташкил этиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, ҳакамлик ва рейтинг тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Манба: daryo.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.