Шу тариқа мажбурий умумий ўрта таълим муддатини 11 йилдан 12 йилгача узайтириш режалаштирилмоқда. Қонун лойиҳаси муаллифларига кўра, бу «миллий таълим тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади».
Ҳужжат «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги ҳамда «Таълим тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Унга кўра, бир йиллик мактабга тайёрлов мактабгача ва умумтаълим ташкилотларида ташкил этилади, болаларнинг бундай тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқи кафолатланади.
Қонунга кўра, мактабга мажбурий тайёрлов мактабгача таълим ташкилотларида, мактабларнинг бўш синфхоналарида, шунингдек, мактаб ва боғчалар мавжуд бўлмаган чекка ҳудудларда ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, «Келажак» марказлари ва бошқа таълим масканларида ташкил этилади.
«Айни пайтда 4000 дан ортиқ мактабда бўш турган хоналар негизида тайёрлов гуруҳлари ташкил этилган. Шунингдек, яна 191 та мактабда 246 та тайёрлов гуруҳини ташкил этиш режалаштирилган. Ўқув машғулотларини олиб бориш учун мактабгача таълим ташкилотларида боғча тарбиячилари, мактабларда эса юқори малакали педагоглар жалб этилади», — деди депутат.

«Таъкидлаш лозимки, ҳозирда тайёрлов гуруҳлари педагог кадрлар билан 98 фоиз таъминланган. Ушбу кўрсаткични 100 фоизга етказиш учун қўшимча равишда 800 та гуруҳ ташкил этиш ва қарийб 20 мингта янги ўрин яратиш талаб этилади. Бу билан боғлиқ харажатлар 2027 йилги давлат бюджети параметрларида назарда тутилади», — деди Сайёра Имомова.
Депутатнинг таъкидлашича, давлат муассасалари, мактаблар ва боғчаларда мактабга тайёргарлик бепул амалга оширилади.
Шу билан бирга, ота-оналар фарзандини хусусий боғча ёки мактабда мактабга тайёрлашни танлаши мумкин. Қонун нодавлат таълим ташкилотларида тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат беради.
Бундай гуруҳларда машғулотлар алоҳида дастур асосида ўтказилади. Болаларга дастлабки билим ва тушунчаларни ўйин усули орқали сингдириш кутилмоқда. «Таълимнинг давомийлиги таъминлангандан сўнг, босқичма-босқич халқаро амалиёт талабларига мувофиқ таълим дастурлари ҳам мослаштириб борилади», — деди депутат.
Депутат Сайдулло Азимов олти ёшли бола мактаб ўқувчиси ёки мактабгача бўлган ёшдаги бола деб ҳисобланиши ҳақида сўради.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департаменти бошлиғи Эркин Муродов амалдаги «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонунда мактабгача ёш 7 ёшгача бўлган давр сифатида белгиланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу таъриф болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларида бўлиш даврини тўлиқ қамраб олади ва мазкур норма ўзгаришсиз қолади. Чунки олти ёшли болаларнинг аксарияти тўлиқ кунлик гуруҳларга қатнайди.

«Албатта, мактабгача таълим ташкилотлари тўлиқ гуруҳларида мактабга тайёрловдан ташқари кун бўйи бошқа машғулотлари, кун тартиблари бор. Агар биз бу ёшни ўзгартирадиган бўлсак, эртага мактабгача таълим ташкилотларига фарзандларини берган 600 мингга яқин ота-оналарга қийинчилик юза келади», — деди Эркин Муродов.
Сайдулло Азимов янги тизимга ўтилганда боланинг мақоми қандай бўлишига яна бир бор аниқлик киритишни сўради. Унинг айтишича, бу кейинчалик статистикага таъсир қилиши мумкин.

«Оддий мисол, мен фарзандимни олти ёшда чиқардим-да, мактабга бердим тайёрловга. Энди у мактабда ўқувчи бўлмаяпти-да, боғчадаги тарбияланувчи бўлиб юрибди. Лекин у мактабда нима қилади? Бунда ўзгартириш киритиб, тизимли янгиланишга ўтяпмиз-да, лекин эскича талқин қоляпти», — деди депутат.
У, шунингдек, тарбиячиларда болаларга мактаб дастурини ўқитиш учун зарур малака бор-йўқлигини сўради.
Депутат Дилмурод Ортиқовнинг тушунтиришича, қўмита ушбу масалани ўрганиш жараёнида қонунчиликда «мактаб ёши» тушунчаси мавжуд эмаслиги аниқланган.
«Биз қўмита томонидан ўрганганимизда ҳам [маълум бўлдики], „мактаб ёши“ деган тушунчанинг ўзи йўқ ҳозир. Яъни бизда асосий мақсад — уни умумий таълимнинг босқичи сифатида белгилаш. Шу жиҳатга эътибор қаратиш керак. У умумий ўрта таълимнинг босқичи сифатида белгиланаётгани нуқтаи назаридан қаралса, сизнинг фикрингиз ҳам тўғри», — деди у.

«Бизда бугунги кундаги таҳлилларга кўра, 101 та ижтимоий объект бор… Булар — техникумлар, маҳаллий идоралар, мусиқа ва санъат мактаблари, уларда кичик гуруҳлар ташкил этилган», — деди Эркин Муродов.
Ташкилий жараён, услубий ишлар ва педагоглар фаолияти мактабгача таълим ташкилоти томонидан мувофиқлаштирилади. Таълим ва илм-фан вазирлиги вакилига кўра, ижтимоий объектларнинг алоҳида реестри юритилади, мактабга тайёрловни ташкил этиш мумкин бўлган жойлар рўйхати эса кейинги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланади.
Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов мактабга тайёрлов ташкил этиладиган аниқ жойларни кўрсатмасдан, ҳар бир боланинг мажбурий бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтиш ҳуқуқининг давлат томонидан кафолатланишини белгилашни таклиф қилди.
«Мактабга қатнай олмайдиган болаларга ўқитувчилар уйига бориб дарс ўтиши мумкин бўлган тизим аллақачон мавжуд. Бундай ҳолатларда давлат зарур имкониятларни ҳам яратади», — деди у.
Депутатлар қонуннинг кучга кириш муддатини ҳам алоҳида муҳокама қилди. Улар янги тизимни жорий этишга таълим муассасаларини тайёрлаш учун камида олти ой муддат керак, деган фикрга келди.
Қонун Сенатга юборилди. У ерда кўриб чиқилганидан сўнг ҳужжат президент томонидан имзоланиши керак.
Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдаги муҳокамаси ҳақида Gazeta аввалроқ ёзганди. Ўшанда депутатлар инфратузилма ва кадрлар янги тизимга тайёрми, шунингдек, таклиф этилаётган модель халқаро таълим стандартларига мос келадими, деган масалаларни кўтарган.
«Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров қонунга ўзбек миллатига мансуб ота-оналарга фарзанди учун мактабгача таълим ташкилотида бошқа таълим тилини танлашни тақиқлаш ҳақидаги нормани киритишни таклиф қилганди.
Таълим соҳаси эксперти Комил Жалилов янги тизим бўйича саволлар қолаётганини таъкидлаганди. Хусусан, тайёрлов гуруҳлари дастури мактаб дастури билан қандай мувофиқлаштирилиши масаласи очиқ қолмоқда: «Бир йил тайёрлов гуруҳида болаларга ҳарфни ўргатиб, яна 1-синфни «Алифбе»дан бошлаймизми?»
Унинг қўшимча қилишича, ISCED (Таълимнинг халқаро стандарт таснифи) мактабгача тайёрлов тизими мавжуд бўлиши мумкинлигини назарда тутади. Бироқ Ўзбекистон мактаблари битирувчиларининг хорижий олийгоҳларда Foundation дастурида қайта ўқиш заруратини бартараф этиш учун у ISCED 1 (бошланғич таълим) даражаси учун белгиланган талабларга жавоб бериши керак.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.