Тадбир Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик халқаро жамғармаси (GCERF) ҳамда Сасакава тинчлик жамғармаси томонидан Япония Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Мулоқот GCERF Бошқарув кенгашининг 25-йиғилиши дастури доирасида ўтказилмоқда. Унда давлат органларининг юқори лавозимли вакиллари, кенгаш аъзолари, жамғарма ҳамкорлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.
Иштирокчилар зўравон экстремизмнинг олдини олиш соҳасидаги миллий тажрибалар билан ўртоқлашиб, Ҳинд-Тинч океани минтақасида ушбу йўналишдаги шерикликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Элдор Арипов экстремизм ва терроризм таҳдидларининг трансчегаравий хусусияти ҳамда доимий равишда ўзгариб бориши уларга қарши чораларни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни талаб этишини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, у Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Инсонларнинг жамиятда тўлақонли ҳаётга қайтишига кўмаклашиш чоралари иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. «Меҳр» инсонпарварлик операциялари доирасида 2019 йилдан буён Суриянинг шимоли-шарқий ҳудудларидан 530 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси, асосан аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди.
Элдор Арипов бошқа устувор йўналишлар қаторида миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, таълим ва маърифатни ривожлантиришни ҳам қайд этди. У тинчлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этишда илмий-тадқиқот марказларининг ўрнини таъкидлади.
СМТИ раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон миллий миқёсдаги чора-тадбирларни амалга ошириш билан бирга, минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликка ҳам алоҳида аҳамият қаратмоқда. Шу муносабат билан 2024 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси кўмагида ташкил этилган Қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгаши фаолияти тақдим этилди. Шунингдек, у иштирокчиларни давлатимиз раҳбарининг тажриба алмашиш ва самарали амалиётларни оммалаштириш мақсадида кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш ҳақидаги таклифи билан таништирди.
Нутқда GCERF билан шерикликка алоҳида эътибор қаратилди. Элдор Арипов таъкидлаганидек, 2024 йилда СМТИ ва жамғарма ўртасида меморандум имзоланганидан сўнг ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилди. Бугунги кунда GCERF Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотларнинг ижтимоий хизматларни кенгайтириш, бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, Ватанга қайтарилган фуқаролар, ёлғиз оналар ва мигрантлар оилаларига ёрдам кўрсатишга қаратилган учта лойиҳасини молиялаштирмоқда.
Ёшларни интернетдаги экстремистик тарғиботдан ҳимоя қилиш масаласига тўхталар экан, у рақамли барқарорлик медиа марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Марказ фаолияти танқидий фикрлаш, медиасаводхонлик ва ижобий онлайн контент тайёрлаш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.