ИИВ хорижликларга ЖШШИР беришни соддалаштириш топшириғини бир йилдан ортиқ вақтдан бери бажармаяпти — Сенат

ИИВ хорижликларга ЖШШИР беришни соддалаштириш топшириғини бир йилдан ортиқ вақтдан бери бажармаяпти — Сенат

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хорижий фуқароларга масофадан туриб жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини (ЖШШИР) олиш имконини бериши керак бўлган e-Residency платформасини ишга тушириш бўйича ҳукумат топшириғини ҳанузгача бажармади. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 21-ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга ташриф буюраётган хорижий фуқаролар сони ортиб бораётгани фонида уларнинг давлат ва хусусий хизматлардан фойдаланишида бюрократик тўсиқлар сақланиб қолмоқда. 2025 йилда мамлакатга қарийб 11,7 млн нафар, 2026 йилнинг дастлабки 10 ойида эса 11,6 млн нафардан ортиқ хорижий фуқаро келган.

Сенат қўмитасига автомобилларни қисқа муддатли ижарага бериш (rent-a-car) билан шуғулланувчи тадбиркорлардан хорижлик мижозларга хизмат кўрсатишда юзага келаётган муаммолар юзасидан мурожаатлар келиб тушган.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, ушбу муаммоларнинг асосий сабабларидан бири хорижликларда ЖШШИР йўқлиги ёки уни олиш билан боғлиқ қийинчиликлардир.

«Хусусан, автотранспорт воситасини ижарага олишда, банк, суғурта ва бошқа хизматлардан фойдаланишда хорижий фуқародан жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами талаб қилинади. Ҳатто Ўзбекистонга атиги икки-уч кунга келган хорижий меҳмон ҳам ушбу рақамни олиш учун тегишли органларга мурожаат қилишга ва ҳужжатларни расмийлаштиришга мажбур бўлмоқда. Айрим ҳолларда бу жараён тўрт соат, баъзан эса бутун бир кун вақт олади», — деди сенатор.

Бундан ташқари, хорижий фуқаролар ижарага олинган автомобилларда йўл ҳаракати қоидаларини бузган тақдирда, уларнинг шахсий маълумотларини аниқлаш ва жарималарни расмийлаштиришда қийинчиликлар юзага келмоқда. Натижада айрим ҳолларда жарималар тадбиркорлар зиммасига тушмоқда.

«Бугунги кунда республикада ушбу фаолият тури билан юзлаб автотранспорт воситаларига эга ўнлаб корхоналар шуғулланмоқда. Демак, бу бир нечта тадбиркорнинг эмас, балки хорижий фуқароларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ тизимли муаммодир», — дея таъкидлади Қутбиддин Бурҳонов.

Ҳукумат топшириқларининг бажарилмаслиги


Сенатор ҳукумат томонидан ушбу муаммони ҳал этиш учун зарур чоралар аввалроқ назарда тутилганини қайд этди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 177-сонли қарори билан ЖШШИРни аниқлаш ва бериш тартиби белгиланган. 2025 йил август ойида ҳужжатга e-Residency платформасини ишга туширишни назарда тутувчи қўшимчалар киритилган.

Ички ишлар вазирлигига 2025 йил 1 октябрга қадар хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга онлайн режимда ариза топшириш ва ЖШШИР олиш имконини берувчи платформани ишлаб чиқиш ҳамда ишга тушириш топширилган эди.

Рақамли технологиялар вазирлиги эса, ўз навбатида, 2025 йил 15 октябрга қадар ЖШШИР олган хорижликларнинг Ягона идентификация тизимида (OneID) тўсиқсиз масофадан рўйхатдан ўтиши учун шароит яратиши керак эди.

«Бироқ белгиланган муддатлар ўтиб кетганига қарамай, ушбу вазифалар тўлиқ ҳажмда бажарилмаган. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, e-Residency платформаси ҳанузгача ишлаб чиқилмаган ва ишга туширилмаган. Вазирлик буни хорижий фуқаро шахсини масофадан идентификация қилиш механизми тўлиқ ишлаб чиқилмагани билан изоҳламоқда», — дея маълум қилди Бурҳонов.

Унинг сўзларига кўра, ички ишлар вазирининг платформани ишлаб чиқиш тўғрисидаги фармойиши ҳукумат томонидан уни ишга тушириш учун белгиланган муддатдан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач — фақат 2026 йил 6 октябрда қабул қилинган.

«Яъни ҳукумат қарори билан белгиланган вазифанинг бажарилиши бир йилдан ортиқроққа кечикмоқда», — дея қайд этди у.

Рақамли технологиялар вазирлиги айрим электрон давлат хизматларини масофадан олиш имконияти яратилганини маълум қилган. Бироқ банк, суғурта, солиқ, автотранспорт ва бошқа соҳалардаги ахборот тизимлари ўртасида маълумотлар алмашинуви ҳанузгача тўлиқ йўлга қўйилмаган.

Натижада ҳатто ЖШШИР мавжуд бўлган тақдирда ҳам хорижий фуқаролар айрим хизматларни олишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Бундан ташқари, ЖШШИРни шакллантиришда исм, фамилия ва туғилган сананинг нотўғри киритилиши, шунингдек, бир шахс тўғрисидаги маълумотларнинг турли ахборот тизимларида бир-бирига мос келмаслиги ҳолатлари аниқланган.

«Ҳуқуқий асослар ва рақамли имкониятлар мавжуд»


Қутбиддин Бурҳонов хорижий фуқаролар Ўзбекистонга кириб келаётганда уларнинг биографик ва биометрик маълумотлари асосида аллақачон ноёб рақам шакллантирилишига ва ундан давлат хизматларини кўрсатишда фойдаланиш мумкинлигига эътибор қаратди.

Унинг фикрича, бу мавжуд рақамли имкониятлардан фойдаланган ҳолда муаммони ҳал этиш имконини беради.

«Кўриниб турибдики, муаммони ҳал қилиш учун ҳуқуқий асослар ҳам, рақамли имкониятлар ҳам мавжуд. Бироқ белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилмагани ва вазирлик-идоралар ўртасидаги ҳамкорлик етарли эмаслиги сабабли хорижий фуқаролар ва тадбиркорлар қийинчиликларга дуч келмоқда», — деди сенатор.

У хорижликлар Ўзбекистонга келганидан сўнг ЖШШИР олишга ортиқча вақт сарфламаслиги, балки мавжуд маълумотлар асосида зарур хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кераклигини таъкидлади.

Муаммонинг тизимли хусусиятини инобатга олиб, сенатор ҳукуматга қуйидаги чораларни кўришни таклиф қилди:


  • белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилмагани сабабларини ўрганиш ва масъул вазирлик ҳамда идоралар фаолиятига баҳо бериш;

  • e-Residency платформасини ишга тушириш ёки аллақачон мавжуд бўлган ноёб рақамдан фойдаланган ҳолда ЖШШИР олиш ва хорижликларнинг хизматлардан фойдаланишининг муқобил механизмини жорий этиш;

  • банк, суғурта, солиқ, автотранспорт ва бошқа соҳаларнинг ахборот тизимларини интеграция қилиб, хорижий фуқаролар маълумотларини ЖШШИР бўйича бир хилда таниб олишни таъминлаш;

  • ЖШШИР олишдаги ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш ва шахсий маълумотлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш.

Бурҳонов Вазирлар Маҳкамасига кўрилган чоралар ва уларнинг натижалари тўғрисидаги ахборотни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида тақдим этишни таклиф қилди. У, шунингдек, қўмита белгиланган муаммоларни ҳал этишда кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Сенат раиси Танзила Норбоева ҳукуматга вазиятни ўрганиш учун вақт керак бўлишини қайд этиб, соҳавий қўмита билан биргаликда қарор бажарилмагани сабабларини аниқлашни сўради.

«Ушбу масалани биргаликда кўриб чиқиш ва навбатдаги ялпи мажлисимизда ахборот тақдим этиш керак», — деди у.

Ҳукумат вакили мажлисда ички ишлар вазири ўринбосари ва бошқа масъул шахслар иштирок этаётганини таъкидлаб, масала назоратга олинишига ишонтирди.

«[Бу масалани] биргаликда кўриб чиқиш зарур. Чунки бу ерда гап битта вазирлик иши ҳақида кетмаяпти. Бир нечта вазирликлар фаолиятини кўриб чиқиш керак», — дея таъкидлади Танзила Норбоева.

Масала тарихи


2025 йил 26 августда Вазирлар Маҳкамаси 538-сонли қарори билан ЖШШИРни аниқлаш ва бериш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб, e-Residency платформасини яратишни назарда тутган эди.

Платформа хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни уларнинг жисмонан иштирокисиз масофадан идентификация қилишни, шунингдек, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини юритиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ЖШШИР олишини таъминлаши керак.

Платформа оператори этиб ИИВ белгиланган. Уни ишлаб чиқиш ва техник таъминлаш харажатлари вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши лозим.

ЖШШИР Ўзбекистон давлат ахборот тизимларида, жумладан, электрон давлат хизматларини олишда қўлланиладиган 14 хонали ноёб идентификация рақамидир.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги маълумотларга кўра, хорижий фуқаролар давлат хизматлари марказларига ёки ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилиб ЖШШИР олишлари мумкин.

Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинганда паспорт ва электрон шаклдаги фотосурат, рақам вакил орқали олинганда эса ишончнома ҳам тақдим этилиши зарур. Ички ишлар органларига мурожаат қилинганда паспорт ва хорижий фуқаронинг рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома талаб этилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.