Ҳужжатни тақдим этган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов мамлакат мудофааси нафақат ҳарбий хизматчилар, балки бутун давлат ва жамиятнинг умумий вазифаси эканини таъкидлади.
Сенаторнинг сўзларига кўра, фавқулодда вазият ёки мамлакат хавфсизлигига жиддий таҳдид юзага келганда ёнилғи, озиқ-овқат, дори воситалари, транспорт ва алоқа воситаларига бўлган эҳтиёж кескин ортади.
«Агар бундай вазиятда олдиндан тайёргарлик кўрилмаган бўлса, бу нафақат ҳарбий соҳада, балки аҳолининг кундалик ҳаётида ҳам жиддий қийинчиликларга олиб келиши мумкин. Шу боис мамлакат мудофаасига тайёргарлик таҳдид юзага келганидан кейин эмас, балки тинчлик даврида бошланиши керак», — дея таъкидлади Бурҳонов.
Ҳужжатнинг асосий янгилиги сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик соҳасидаги муносабатларни ягона қонун билан тартибга солиш, шунингдек, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқароларнинг ваколат ҳамда мажбуриятларини аниқ белгилашдан иборат.
Қонунни ишлаб чиқиш вазифаси 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида назарда тутилган эди.
Умумий сафарбарлик мамлакатнинг бутун ҳудудини, қисман сафарбарлик эса айрим ҳудудлар ёки тегишли тизимларни қамраб олади.
Сафарбарлик Ўзбекистон президентининг фармони билан эълон қилинади. Ҳужжат зудлик билан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ва уч сутка ичида Олий Мажлис палаталари тасдиғига киритилиши шарт.
Қонун билан парламент палаталари ушбу масалани 72 соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши лозимлиги ҳам белгиланмоқда.
«Ушбу нормалар сафарбарликни ўтказишда аниқлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳимдир», — дея қайд этди қўмита раиси.
«Бу давлат бошқаруви, иқтисодиёт, транспорт, алоқа, соғлиқни сақлаш ва аҳолининг кундалик ҳаётини таъминловчи тизимларни зарур вазиятларда ишлашга олдиндан тайёрлаш демакдир», — дея тушунтирди у.
Агар корхона зиммасига муайян маҳсулот ишлаб чиқариш ёки етказиб бериш бўйича сафарбарлик топшириғи юклатилган бўлса, унинг ушбу вазифани бажариш имкониятлари, ускуналар, хомашё ва кадрлар мавжудлигини олдиндан ҳисобга олиш зарур.
Қонунда давлат сафарбарлик захирасини шакллантириш, энг муҳим маҳсулотлар захираларини яратиш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг сафарбарлик режаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Ҳужжат сафарбарлик тайёргарлиги соҳасида президент, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда ташкилотларнинг ваколат ва мажбуриятларини белгилайди.
Зиммасига сафарбарлик топшириқлари юклатилган ташкилотлар уларни бажариш бўйича зарур чораларни тинчлик давридаёқ кўришга мажбур бўлади.
Ҳокимликлар ўз ҳудудларида сафарбарлик тадбирларини ташкил этиш, корхоналар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва зарур ресурсларни мувофиқлаштиришда иштирок этади.
Корхона ва муассасалар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш режаларини ишлаб чиқиши ва тегишли тайёргарликни таъминлаши керак бўлади. Бунда раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланади.
«Яъни сафарбарлик тайёргарлиги қоғоздаги режалар билан чекланиб қолмасдан, амалда бажарилиши шарт», — деди сенатор.
Тадбирларни молиялаштириш давлат бюджети, ташкилотлар маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.
Муҳокама чоғида сенатор Анвар Тўйчиев қонуннинг фуқаролар мол-мулкидан фойдаланиш, транспорт воситаларини вақтинча жалб қилиш ёки олиб қўйишни назарда тутувчи 18 ва 19-моддаларига эътибор қаратди.
Унинг сўзларига кўра, ҳатто фавқулодда вазиятларда ҳам илгари қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш зарур.
«Агар сафарбарлик даврида фуқароларнинг юк автомобиллари, тадбиркорларнинг махсус техникаси, уларнинг мол-мулки ёки иншоотлари жалб этилса ва уларга зарар етказилса, бу зарар қандай баҳоланади ва қопланади, компенсация тўловлари қайси тартибда амалга оширилади?» — дея сўради у.
Сенатор, шунингдек, мулкдорлар ўз мол-мулки давлат томонидан фойдаланилиши натижасида йўқотиши мумкин бўлган даромадларни қоплаш масаласини ҳам кўтарди.
«Кўпчилик ўзи фойдаланаётган бинолардан даромад олади. Уларнинг даромадларини қоплаш масаласи қандай ҳал этилади?» — дея қизиқди у.
Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Ҳамдам Қаршиев бунга жавобан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 18 июндаги 161-сонли қарорига таянди — ушбу ҳужжат билан мудофаа эҳтиёжлари учун вазифаларни бажариш муносабати билан фуқаролар ва ташкилотлар томонидан қилинган моддий харажатларни компенсация қилиш тартиби тасдиқланган.
«Ҳақиқатан ҳам, агар сафарбарлик даврида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулкига зарар етказилса, уни аниқлаш ва компенсация қилиш масалалари биринчи ўринда туради», — деди идора вакили.
Унинг сўзларига кўра, сафарбарлик тўғрисидаги алоҳида қонун мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинмоқда. Ушбу давр мобайнида бирор марта сафарбарлик эълон қилинмагани сабабли ҳукумат қарори шу пайтгача тўлиқ қўлланилмаган.
«Биз таклифлар тайёрлаймиз, Вазирлар Маҳкамасининг 161-сонли қарорига ўзгартиришлар киритамиз ва ушбу муаммоли масалалар унда ўз ечимини топади», — дея маълум қилди мудофаа вазири ўринбосари.
2015 йилдаги амалдаги ҳукумат қарорига мувофиқ, давлат бюджети ҳисобидан қуйидагилар компенсация қилиниши лозим:
Қарорда моддий харажатларни урушдан кейинги даврда пул ёки натура шаклида қоплаш назарда тутилган. Компенсация миқдори Мудофаа вазирлиги томонидан баҳоловчи ташкилотни жалб этган ҳолда аниқланади. Тўловларнинг аниқ суммалари ва муддатлари алоҳида қарорлар билан белгиланади.
Мол-мулк Мудофаа вазирлиги бўлинмаларига топширилаётганда мулкдорга мол-мулкнинг миқдори, техник хусусиятлари ва ҳолати кўрсатилган тасдиқловчи ҳужжат берилиши шарт. Топширилганликни тасдиқловчи ҳужжатсиз компенсация тўланмайди.
Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ, сафарбарликка чақирилган фуқароларнинг иш ўринлари сақлаб қолинади. Тегишли давр мобайнида улар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилади, шунингдек, уларга кредит тўловларини кечиктириш имконияти берилади.
Бундан ташқари, айрим тоифадаги фуқароларга оилавий шароити, соғлиғининг ҳолати ва қонунда назарда тутилган бошқа асосларга кўра чақирув муддати кечиктирилиши мумкин.
Муҳокама давомида жиззахлик сенатор Нусратулла Пардаев сафарбар этилган фуқаролар ва уларнинг оилалари даромадларини ҳимоя қилиш масаласини кўтарди.
«Агар тадбиркор, хусусий корхона ходими ёки ўзини ўзи банд қилган фуқаро сафарбарлик бўйича хизматга чақирилса, унинг оиласи даромадсиз қолмаслиги учун қандай ҳуқуқий ва молиявий кафолатлар кўзда тутилган?» — деб сўради сенатор.
У, шунингдек, иш ўрнини сақлаб қолиш талаби меҳнат шартномалари, иш ҳақи, ижтимоий тўловлар ва фуқароларнинг хизматдан қайтганидан кейинги меҳнат фаолиятига нисбатан қандай қўлланилиши билан қизиқди.
Мудофаа вазири ўринбосари Ҳамдам Қаршиев сафарбарлик бўйича чақирилган фуқаролар шартнома асосида ҳарбий хизматга қабул қилинишини маълум қилди.
«Қонунда назарда тутилган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи мақоми берилганидан сўнг, уларга белгиланган таъминот тақдим этилади, пул таъминоти тайинланади ва ҳарбий унвон берилади», — дея тушунтирди у.
«Ушбу буйруққа мувофиқ, сафарбарлик даврида сафарбар этилган шахснинг, яъни шартнома бўйича ҳарбий хизматчимизнинг пул таъминотининг 25 фоизи унинг ўз эҳтиёжлари учун қолдирилади, қолган 75 фоизи эса оиласига йўналтирилади», — деди идора вакили.
Қаршиев қонунни амалга ошириш доирасида Меҳнат кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш режалаштирилаётганини қўшимча қилди.
Мажлисда сафарбар этилганларнинг пул таъминоти миқдори, тўлов кечиктирилган даврда кредитлар бўйича фоизларни ҳисоблаш тартиби, шунингдек, тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганларнинг даромадларини ҳимоя қилишнинг қўшимча механизмлари очиқланмади.
Захирадан олинган моддий бойликлар кўпи билан олти ой ичида қайта тўлдирилиши керак.
Муҳокама чоғида сенатор Ўктамжон Охунов ушбу норма нафақат ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, балки табиий офатлар, озиқ-овқат, ёнилғи ва бошқа ҳаётий зарур товарлар етказиб беришдаги узилишлар вақтида аҳолини ҳимоя қилиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
«Табиий офат қачон ва қаерда юз беришини олдиндан айтиш қийин, бироқ унинг оқибатларини юмшатиш учун зарур захираларни шакллантириш, улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш ва масъул тизимларнинг тайёрлигини таъминлаш бугуннинг ўзида бажариш мумкин бўлган вазифалардир», — деди андижонлик сенатор.
Мудофаа вазирлиги вакили маълум қилишича, ушбу давр мобайнида 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, президент фармон ва қарорлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарорларини ишлаб чиқиш лозим бўлади.
Сенат раиси Танзила Норбоева ҳужжат «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида назарда тутилган «хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилини амалга оширишга қаратилганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, қонун мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, мураккаб вазиятларда аҳолини ҳимоя қилиш, унинг ҳаётий муҳим эҳтиёжларини қондириш ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.
У, шунингдек, янги қонуннинг мазмун-моҳияти ва амалий жиҳатларини аҳолига тушунтириш зарурлигини қайд этди.
«Сафарбарликка тайёргарлик — бу урушни кутиш эмас, балки тинчликни сақлаш, халқ хавфсизлиги ва мамлакат барқарорлигини таъминлаш учун олдиндан чоралар кўришдир», — деди Қутбиддин Бурҳонов ҳужжат тақдимотини якунлар экан.
Сенаторлар қонунни маъқуллади. Энди у имзолаш учун президентга юборилади.
Шу пайтгача сафарбарликнинг умумий масалалари Конституция, «Мудофаа тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинган.
Ўзбекистон Конституциясининг 109-моддасига кўра, уруш ҳолатини, умумий ёки қисман сафарбарликни эълон қилиш ҳамда тегишли қарорни уч сутка ичида парламент палаталари тасдиғига киритиш президент ваколатларига киради.
Амалдаги «Мудофаа тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасида уруш ҳолати эълон қилинганда ёки фавқулодда ҳолат жорий этилганда умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш имконияти назарда тутилган.
Ушбу қонуннинг 17-моддасида эса фуқароларнинг уруш даврида ўзларига тегишли бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари, алоқа воситалари ва бошқа мол-мулкни кейинчалик қилинган харажатлар қопланиши шарти билан мудофаа эҳтиёжлари учун тақдим этиш мажбурияти аллақачон белгилаб қўйилган.
Янги қонун илк бор тинчлик даврида сафарбарлик тайёргарлиги, алоҳида даврда давлат ва аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда сафарбарликни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни комплекс тарзда тартибга солади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.