Ўзбекистонда божхона божларини тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

Ўзбекистонда божхона божларини тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

Олий Мажлис Сенати 27 ноябрь куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши кураш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади.

Ҳужжатни тақдим этган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов божхона тизими нафақат товарларни чегарадан ўтказиш, балки иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, ички бозорни ҳимоя қилиш ва давлат бюджети даромадларини шакллантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Сенаторнинг сўзларига кўра, соҳадаги қонунчилик бир томондан ҳалол тадбиркорлар учун шаффоф муҳит яратиши, иккинчи томондан эса тўловлардан қасддан қочиш орқали ноқонуний иқтисодий устунликка эришиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Ҳуқуқий бўшлиқ ва ортиб бораётган зарар


Амалдаги Жиноят кодексининг 184-моддаси солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш учун жавобгарликни назарда тутади. Бироқ қонунчиликдаги ўзгаришлар натижасида божхона божларини тўлашдан қасддан бўйин товлашни ушбу модда доирасида баҳолашда ҳуқуқий бўшлиқ юзага келган.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2022 йилда кўп ва жуда кўп миқдорда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ 291 та ҳолат аниқланиб, уларнинг умумий суммаси 162 миллиард сўмни ташкил этган. 2023 йилда 207 та ҳолатда 218 миллиард сўмлик, 2024 йилда эса 348 та ҳолатда 241 миллиард сўмлик шундай ҳуқуқбузарликлар қайд этилган.

Шу тариқа, 2022−2024 йилларда аниқланган ҳолатлар сони қарийб 20 фоизга, улар билан боғлиқ маблағлар миқдори эса 52 фоиздан зиёдга ошган. Божхона қўмитаси суриштирув бошқармаси бошлиғи Акром Аҳлимуродовнинг маълум қилишича, жорий йилда ҳам божхона органлари томонидан 315 миллиард сўмга яқин шундай ҳуқуқбузарликлар фош этилган.

Шу боис Жиноят кодексининг 184-моддасига божхона божларини тўлашдан бўйин товлашни ҳам қамраб оладиган ўзгартириш киритилмоқда. Қўмита раиси хорижий тажрибага тўхталар экан, Қозоғистон Жиноят кодексининг 236-моддасида ҳамда Озарбайжон Жиноят кодексида божхона божлари ва тегишли тўловларни йирик миқдорда тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик белгиланганини қайд этди.

Оддий хато ва қасддан бўйин товлаш чегараси


Бурҳонов жиноий жавобгарлик ҳар қандай тўлов кечикиши ёки техник хато учун эмас, балки қонунда белгиланган жиноят таркиби мавжуд бўлган ҳоллардагина қўлланилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Муҳокама чоғида сенатор Қобулжон Бекназарович ҳам жавобгарликни қўллаш чегаралари аниқ бўлиши, қонунбузарлик қасддан содир этилгани ва тўланмаган маблағ миқдори холис баҳоланиши зарурлигига эътибор қаратди.

«Айтайлик, товар қийматини қасддан камайтириб кўрсатиш орқали катта миқдордаги тўловдан қочиш билан ҳужжатни расмийлаштиришдаги оддий хатони бир хил баҳолаб бўлмайди. Биринчи ҳолатда қонунни қасддан четлаб ўтиш аломатлари мавжуд бўлса, иккинчи ҳолатда вазиятнинг барча тафсилотларини текшириш талаб этилади», — деди сенатор.

Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва прокурор назорати


Сенатор Малика Акбарова ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) кодларини имтиёзли кодларга алмаштириб, камроқ бож тўлашга уриниш ҳолатлари амалиётда учраб туришини қайд этди.

У қонун кучга киргач, ҳалол тадбиркорлар асоссиз жиноий жавобгарликка тортилиб қолмаслиги учун ундирилган маблағлар, жиноий ишлар натижалари, оқлов қарорлари ва тадбиркорлар шикоятлари бўйича қандай мониторинг юритилиши билан қизиқди.

Божхона қўмитаси вакили Акром Аҳлимуродов идорада аниқланган барча ҳуқуқбузарликлар, уларнинг натижалари ва ундирилган зарарлар бўйича тўлиқ таҳлил ҳамда мониторинг юритувчи алоҳида ахборот тизими мавжудлигини маълум қилди.

«Амалдаги Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига нисбатан жиноий иш қўзғатиш фақат вилоят прокурорининг розилиги билан амалга оширилади. Демак, асоссиз жавобгарлик масаласида амалиётда прокурор назорати ўрнатилган», — дея таъкидлади бошқарма бошлиғи.

Пиротехника бўйича суриштирув ва бюджет манфаати


Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига ҳам ўзгартириш киритилиб, Жиноят кодексининг 250−1-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган божхона қонунчилигини бузиш билан боғлиқ пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига оид жиноятлар бўйича суриштирув ўтказиш ваколати божхона органларига ўтказилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат божхона хизмати органининг номи амалдаги ташкилий тузилмага мувофиқлаштирилмоқда.

Муҳокама давомида жиззахлик сенатор Нусратулла Пардаев божхона тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши ижтимоий дастурларни барқарор молиялаштиришнинг муҳим шарти эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда давлат бюджетидан халқ таълимига 84 триллион сўмдан, соғлиқни сақлаш соҳасига эса 43 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Сенаторлар қонунни маъқуллади. Энди у имзолаш учун президентга юборилади.

Маълумот учун, амалдаги Жиноят кодексининг 184-моддасига кўра, тўловлардан қасддан бўйин товлаш анча миқдорда — БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача (41,2 миллион сўмдан 123,6 миллион сўмгача) содир этилганида маъмурий жазо қўлланилганидан кейин жиноий жавобгарлик юзага келади. Кўп миқдорда — 300 дан 500 БҲМгача (123,6 миллион сўмдан 206 миллион сўмгача) ва жуда кўп миқдорда — 500 БҲМ (206 миллион сўм) ва ундан ортиқ миқдорда содир этилганида эса тўғридан-тўғри жиноий жазо — жаримадан тортиб 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Эндиликда ушбу нормалар божхона божларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.