8 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Унда шунингдек, БМТ Европа иқтисодий комиссияси раҳбари Ольга Алгаерова ва БМТТД Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана ҳам қатнашди.
Делегация раҳбари Ўзбекистон етакчисига ташкилот бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. БМТ Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган очиқ ва прагматик сиёсатни, шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ҳамда 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасидаги глобал кун тартибининг асосий вазифаларига тўлиқ мос бўлган туб ислоҳотлар дастурини юксак баҳолайди, дейилади хабарда.
Қолаверса, Ўзбекистоннинг Афғонистонда бардавом тинчликни таъминлашга ҳамда ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига, шу жумладан йирик транспорт ва энергетика лойиҳаларини илгари суриш орқали кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланди.
Музокаралар якунида Ўзбекистоннинг БМТ институт ва тузилмалари билан кенг кўламли ҳамкорлигини қабул қилинган «йўл харита"лари асосида янада ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар, парламентлараро ҳамкорлик, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини янада фаоллаштириш ҳамда яна бир қатор муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
«Амина Муҳаммад хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида етакчи сифатида фаол иш олиб бораётганини алоҳида қайд этиб ўтди», — дейилади хабарда.
«Амина Муҳаммад ажойиб аёл. Унинг таржимаи ҳоли — мақсадга эришиш йўлида қанчалик тиришқоқлик ва меҳнат қилиш зарурлиги ҳақидаги мотивацион фильмга тайёр сценарий», — деб ёзади Саида Мирзиёева.
Қолаверса, муҳокамалар давомида томонлар гендер тенглиги соҳасида ҳамкорликни бошлашга келишиб олгани қайд этилган. «Ушбу соҳада халқаро ҳамжамият тажрибаси ва қўллаб-қувватлаши ёрдамида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар ҳақида суҳбатлашдик», — деди Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.