Президент Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолияти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилган эди. Президент марказга бир йил муқаддам ташриф буюрган эди. Давлат раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, дори таъминоти етарли бўлмагани, химия терапия усуллари йўлга қўйилмагани сабабли даволаниш самарадорлиги 30 фоиздан ошмасди.
Президентнинг 2021 йил 27 майдаги қарори билан Болалар гематологияси ва онкологияси кафедраси алоҳида марказга айлантирилди. Янги бино Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Арнасой кўчасида қурилиб, январь ойида фойдаланишга топширилган эди.
Болалар онкогематологияси, гематология, онкология, реанимация, гемодиализ ва плазмоферез бўлимлари, стационар ва маслаҳат поликлиникаси замонавий жиҳозланган. Бу йил аввалгиларига қўшимча 14 турдаги асбоб-ускуна келтириб ўрнатилди.
Чет эллик консультантлар жалб этилиб, даволаш ва диагностика стандартлари янгиланди. Жумладан, ўзак хужайралари трансплантацияси сони ошди.
Аввалроқ Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси ташкил этилгани ҳақида хабар қилган эдик. Муассасада 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун мактабгача таълим ҳамда 1−11-синфлар учун умумий ўрта таълим берилади.
Президент марказда даволанаётган болалар ва уларнинг оналарига далда берди.
Шу ерда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини кенгайтириш режалари тўғрисида маълумот берилди.
Унга кўра, гемапоэтик ўзак хужайраларини аллоген ва аутологик трансплантация қилиш учун 2 та асептик бино, ҳудудлардан узоқ муддатга келадиганлар учун 200 ўринли хостел барпо этилади. Йил якунигача марказга яна 67 турдаги жиҳозлар келтирилади.
«Бу соҳа юртимизда янги тизим. Энди уни ҳудудий шифохоналардаги шундай бўлимлар билан боғлаб, касалликларни эрта аниқлаш зарур. Қуйи поғонада скринингни кенгайтириб, „касалликдан олдин юриш“ керак», — деди президент.
«Бинода шароит бор, муваффақият йўқ. Муваффақият илмда! Шунинг учун бу ер касаллик омилларидан тортиб, самарали даволаш услубларигача ўрганиш бўйича илмий марказ бўлиши керак. Вилоятлардаги тиббиёт ходимлари келиб, малака оширсин», — деди давлат раҳбари.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.