Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан табрик йўллади.
«Жонажон Ўзбекистонимиз ўз тараққиётининг янги ва муҳим босқичига қадам қўяётган ҳозирги даврда медиа соҳаси вакиллари — журналист ва муҳаррирлар, режиссёр ва операторлар, блогерлар, теле-радио каналлар, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахона ходимлари Ватанимизнинг демократик қиёфасини шакллантириш, уни дунёга тараннум этишга беқиёс ҳисса қўшиб келаётганини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Президент мамлакатда оммавий ахборот воситалари сони 2016 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга ортиб, 1962 тага етганини таъкидлаб, айниқса, хусусий медиа воситалари жамиятда фикрлар хилма-хиллигини таъминлашда, туб ислоҳотларни амалга оширишда, жойларда йўл қўйилаётган камчилик ва муаммоларни дадил кўтариб чиқишда муҳим омил бўлаётганини эътироф этди.
Шунингдек, миллий ахборот маконида интернет нашрларининг сони сўнгги 6 йилда салкам икки баробар кўпайиб, 677 тага етгани алоҳида таъкидланди.
«Натижада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ахборот манбалари янада ортиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларга тезкор муносабат билдириш, турли мавзулар бўйича очиқ, холис ва танқидий фикр билан чиқишда катта имкониятлар пайдо бўлмоқда», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон медиа компаниялари ҳам жаҳон ахборот майдонида муносиб ўрин эгаллаб, глобал сиёсий-ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишга интилаётгани, бунинг учун тинимсиз меҳнат қилиш, илғор хорижий тажрибалар, замонавий ахборот технологиялари, серқирра таҳлил усулларини ўзлаштириб, доимо изланиб яшаш, миллий журналистиканинг янги авлодини тарбиялаш зарурлигини қайд этди.
Президент фуқаролар учун ахборот соҳасида қулай имкониятлар яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини кучайтириш — яна бир устувор вазифа эканлигини айтиб ўтди.
«Шуни қайд этиш зарурки, соҳанинг моддий-техник базасини яхшилаш, ходимлар меҳнатини рағбатлантиришга бундан буён ҳам доимий эътибор қаратамиз», — деди у.
Давлат раҳбари ОАВни қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш бўйича куни кеча қабул қилинган президент қарорида ОАВнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, эҳтиёжманд ва ёш журналистларни уй-жой билан таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга ошириш белгиланганини эслатиб ўтди.
Шу билан бирга, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали баъзи жойларда ОАВ ходимларига менсимай қараш, уларнинг ўз ваколати доирасида эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учраётгани тилга олинди.
«Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш — бу демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, мамлакатимизнинг обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак. Суд ва прокуратура органлари бизга мутлақо ярашмайдиган бундай салбий ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўриши лозим», — дея таъкидлади.
«Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак: барчамиз демократия деб аталган буюк мактабнинг ўқувчиларимиз. Бу борада ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз зарур. Фарзандларимизни айни шу руҳда тарбиялашда журналистика соҳаси вакиллари, муҳтарам фахрийларимиз ўзларининг бой тажрибаси ва ибратли фазилатлари билан алоҳида намуна кўрсатадилар, деб ишонаман», — дея таъкидлади президент.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.