14 июль куни Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовни «Кўксарой» қароргоҳида кутиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Туркманистон президентини самимий қутлар экан, ушбу учрашув Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатлари тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди. Ўзбекистон етакчиси Туркманистон президентини жорий йил март ойида ўтган президент сайловидаги ғалабаси билан яна бир бор табриклади.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатларда юксак даражага эришишга ва Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қўшган беқиёс ҳиссасини қайд этди, дейилади хабарда.
Давлат раҳбари кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида ижобий суръатга эришилганини таъкидлади. «Шуни қайд этмоқчиманки, биз учун Туркманистон — минтақадаги ишончли ва муҳим ҳамкор. Бизнинг кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги интилишимиз қатъий, энг яқин қўшнимиз билан стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ниятидамиз», — деди у.
Туркманистон президенти меҳмондўстлик ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати паисининг саломини етказди.
Учрашув чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигининг истиқболларини муҳокама қилдилар, алоҳида эътиборни савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-транзит имкониятларидан фойдаланишга қаратдилар. Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйишда улкан салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Марказий Осиёда қарор топган ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муҳитини мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди. Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон президентини ўзига қулай вақтда Туркманистонга жавоб ташрифи билан келишга таклиф этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.