Олий Мажлис Сенатининг 29-ялпи мажлиси 4 август куни чақирилади. Сенат матбуот хизмати ялпи мажлис икки кун давом этиши ҳамда онлайн эфирга узатилишини маълум қилди.
Унда қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:
Сенаторлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновнинг Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузасини ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишлари бўйича маърузасини муҳокама қилади.
Енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам муҳокама қилади.
Қолаверса, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида ахборот беради.
Шунингдек, ялпи мажлисда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилади.
Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган, дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.