Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши кутилаётган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар якунланди. Асосий ҳужжат имзоланиши арафасида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан «Газета.uz»га берган катта интервьюсида янги келишувнинг устувор йўналишлари, минтақавий ҳамкорлик учун одамлар ўртасидаги мулоқотнинг аҳамияти ҳамда президент Шавкат Мирзиёев маслаҳатлари ҳақида гапирди. Шунингдек, у ислоҳотлар, Россияга қарши санкциялар ва шаҳар учун яшил транспорт зарурлиги ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Суҳбат 13 июль куни бўлиб ўтган. Матн талқини қисқартирилган.
Ҳозир бизда 1996 йилдан бери амалда бўлган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим мавжуд. У 20 йилдан ортиқ вақт давомида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси бўлиб келган. Ушбу шартномада ҳеч қандай чекловлар йўқ эди. Аммо 2018 йилда Европа Иттифоқи ҳам, Ўзбекистон ҳам шерикликни кенгайтириш, муносабатларни чуқурлаштириш ва алоқаларни мустаҳкамлашни хоҳлади.
Янги келишув бешта асосий банддан иборат. Биринчиси — сиёсий ислоҳотлар тўғрисида. Гап демократия, умумий ва алоҳида қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ҳақида бормоқда. Инсоний ўлчовга катта эътибор берилади. Ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати, адолат ва эркинлик масалалари ҳам алоҳида таъкидланган. Устида биргаликда ишлашимиз мумкин бўлган миграция масалалари ҳам бор. Шунингдек, биз савдо-сотиқ учун норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш устида ҳам ишлаймиз.
Шартномани янгилашимизнинг сабаби ўртамиздаги ишонч мустаҳкамлангани билан боғлиқ. Музокаралар бошланган 2018 йилда биз келишувни янгиламоқчи эдик, чунки вазият 1996 йилдагидек эмас эди. Ҳозир ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президент Мирзиёев олға интилиш, ишончли муносабатлар ўрнатиш истаги борлигини кўрсатди. Ушбу келишув инвесторлар ва Ўзбекистонга кўз тикаётган одамларда ишонч уйғотадиган асосни яратади. Бу ислоҳотларни илгари суриш ва қўллаб-қувватлаш учун асосдир.
Ҳозир биз Ўзбекистон ҳукумати биз билан ҳамкорлик қилишни истаган айрим ислоҳотларни амалга оширишда сармоя киритмоқдамиз ва уни қўллаб-қувватлаяпмиз. Асосий устувор йўналишлар — самарали бошқарув, рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашиш ва ҳукуматнинг яшил ўтиш стратегиясини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Мамлакат учун муҳим тармоқлардан бири бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам фаолиятимизни давом эттирамиз. Кўплаб иш ўринлари яратилади, Ўзбекистон қишлоқ аҳолиси ҳали ҳам 50 фоизни ташкил қилади. Ўсишнинг катта қисми айнан шу ердан келиб чиқади. Авваллари қишлоқ хўжалиги Европа Иттифоқи фаол бўлган асосий тармоқ эди. Аммо ҳозир президент Мирзиёев ва ҳукумат қатор ислоҳотларни амалга ошириш истагини билдирганидан сўнг, биз бу йўналишдаги ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришга қарор қилдик. Бу Ўзбекистоннинг ҳам, Европа Иттифоқининг ҳам устувор йўналишларига мос келиши биз учун муҳим.
Европа Иттифоқининг «Яшил курс» стратегияси мавжуд бўлиб, у Ўзбекистон ҳукуматининг «яшил» стратегиясига тўғри келади, шундай экан, тажриба алмашишимиз ва қўллаб-қувватлашимиз мумкин. Биздан фақат шу ҳақида сўрашади: ушбу соҳада махсус билим, компетенция олиб келиш.
Шунингдек, биздан коррупцияга қарши кураш соҳасидаги билимларимиз билан ўртоқлашишимизни сўрашди. Бу йўналишда ҳам ишламоқчимиз, чунки агар мамлакат ривожини истасангиз, ҳеч ким ортда қолмаслигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлсангиз, тараққиёт жараёни инклюзив ва барқарор бўлишига ишонч ҳосил қилишингиз керак. Шунинг учун биз яшил ривожланиш ва яхши бошқарув устида ишламоқчимиз. Бизнинг устувор вазифаларимиз, шунингдек, иш ўринлари яратиш, гендер масалаларини ҳам ўз ичига олади, чунки биз умумий мақсадларга эгамиз.
ЕИ ташқи кўринишида ягона тузилмага ўхшайди, лекин аслида у 27 аъзо давлатдан иборат. Кўпгина сиёсатларимиз учун умумий асосга эгамиз, лекин бизда 27 хил давлатдан бой тажриба ва турли имкониятлар мавжуд. Биз ҳам бу тажрибадан фойдаланишга интиламиз.
Масалан, президент Мирзиёев касб-ҳунар таълими соҳасини ривожлантиришдан жуда манфаатдор. Бу, айниқса, ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётган ҳозирги пайтда жуда муҳим. Сиз иш ўринларини яратишингиз керак, лекин ўзингиз ҳам тўғри кўникмаларга эга бўлишингиз лозим. Бизда турли тизимларни кўриб чиқадиган ҳамда кўникмалар яхши ривожлангани ва меҳнат бозори эҳтиёжларига мос келишига қандай ишонч ҳосил қилишни кўриб чиқадиган Европа таълим жамғармаси мавжуд. Ҳукуматдан ваколатлар ёки билимлар бўйича сўровлар бўлса, биз энг яхши вариантни топишга ҳаракат қиламиз.
Шунингдек, биз БМТ агентликлари, Жаҳон банки каби ҳамкор ташкилотлар билан янги иш ўринлари яратиш, яшил ривожланиш ва барқарор ривожланиш бўйича кўп ишлаймиз. Масалан, ҳозирда Европа инвестиция банки ва Франция тараққиёт агентлиги (AFD) билан ҳамкорликда Орол денгизида дарахт экишни қўллаб-қувватлаш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Ҳукумат билан биргаликда биз қандай ечимлар топиш мумкинлигини ва бу офат оқибатларини бартараф этишда қандай ёрдам беришни ўрганмоқдамиз. Шунингдек, суғориш имкониятларини ўрганиб чиқамиз ва Орол денгизи фожиаси таъсиридан йиллар давомида буни амалга ошира олмаган жойларда яшовчи хонадонларга ёрдам бериш учун қишлоқ хўжалигини қандай тиклаш мумкинлигини кўришимиз мумкин.
Бугун вужудга келганвазият санкциялар оқибати эмас. Кўпгина давлатлар тушиб қолган оғир вазият санкциялар туфайли юзага келгани йўқ. Уруш давом этмоқда ва бир давлат ҳудуди яхлитлигига тажовуз қилинган. Халқаро қоидалар ва кўп томонлама тизим бузилган. Украина яхлитлигига таҳдид бор, лекин у Европага, дунёга, балки Ўзбекистонга ҳам хавф туғдиради, чунки қоидалар бузилди.
Бугун нархлар ўзгариши, дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар нуқтаи назаридан биз кўраётган оқибатлар санкциялар билан боғлиқ эмас. Бу Россиянинг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ. Бунинг аниқ бўлиши мен учун жуда муҳим.
Санкциялар структуравий хусусиятга эга. Сиз уларни кирита олмайсиз ва кейин уларни қайта бекор қила олмайсиз, чунки уларнинг мавжудлиги учун сабаб бор.
Санкциялар Ўзбекистонга қарши жорий этилмади, улар бутун Россияга қарши эмас. Улар Россия қишлоқ хўжалиги соҳасига қарши эмас. Улар Россия режимига, Путин атрофидаги одамларга ва Путиннинг ўзига қарши. Улар уруш олиб бораётганларга қарши. Ва бу ҳақиқатан ҳам муҳим: биз Россия ёки бошқа мамлакатлар фуқароларига таъсир қилмоқчи эмасмиз. Биз бу урушни тўхтатиш йўлини излаяпмиз.
Биз биринчи навбатда мамлакатларга санкциялар нимадан иборатлиги ҳақида маълумот берамиз. Брюсселда учрашувлар бўлиб ўтди, унда биз санкциялар нима эканлигини тушунтирдик, чунки санкциялар нима эканлигини билмасангиз, уларни четлаб ўтиш имконияти бор. Ўзбекистон ҳукуматидаги ҳамкорларимиз бизга санкцияларни четлаб ўтиш нияти йўқлигини айтишди. Бу жуда муҳим.
Биз тушунамиз, хусусан, Ўзбекистон учун вазият оғир, чунки Россияга қарамлик бор: экспорт ва импорт, йўналишлар, мигрантлар бўйича. Биз буни тўлиқ тушунамиз. Ва биз қўллаб-қувватлашни, муқобилларни топишга қандай ёрдам беришимизни кўришни хоҳлаймиз. Ривожланиш бўйича ҳамкорлик дастурлари, кўпроқ иш ўринларини яратишга ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш учун баъзи дастурларимизни ўзгартириш, экспортнинг бошқа йўлларини топишга ёрдам берадиган GSP+ мисолидир. Брюсселдаги жамоамиз бутун дунё ҳукуматларига маслаҳат бермоқда.
Ўзбекистон Россия йўналишларига қарам — маҳсулотлар Россия орқали экспорт қилинади. Ўзбекистон муқобил йўлларни қидираётганини биламиз. Бундай муқобиллардан бири Европа бўлиши мумкин.
Бизда Самарқандда бўлиб ўтадиган ЕИ — Марказий Осиё алоқалари бўйича конференция ҳам бор. Бу муқобил вариантларни яратиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим воқеа. Рақамлаштириш соҳасида, атроф-муҳит, сув ва энергиянинг ўзаро боғлиқлиги бўйича имкониятлар мавжуд. Биз муаммолардан хабардормиз. Савол шундаки, биз биргаликда ечим топиб, имкониятларимизни очоламизми?
Бу йўналишлардан бири бу хабардорликни оширишдир, чунки экспортчилар имтиёзлар тизими ҳақида кўп нарса билишмайди. Мен юк машиналари Европа чегараларида GSP+ бўйича эканликларини айтмасдан, ноўрин жойларда солиқ тўлаганларини эшитганман. Шу боис барчамиз ҳукумат, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва хусусий сектор билан ҳамкорликда ишлашимиз керак. Биз GSP+ тизими ҳақида мулоқот қилиш йўлларини топишимиз ва унинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилишига ишонч ҳосил қилишимиз керак.
Баъзан одамлар уларни тўсиқлар деб ҳисоблашади. Йўқ, бу биз европалик истеъмолчилар учун тақдим этадиган стандартлардир. Маҳсулотлар қаерда сотилишидан — Европадами ёки Ўзбекистонда — қатъи назар, одамлар учун хавфсиз ва фойдали бўлиши муҳим. Бу нафақат европалик истеъмолчилар, балки ўзбекистонликлар учун ҳам муҳим. Фермерлар стандартлардан хабардор бўлишлари керак.
GSP+ — бу бозорларга бепул, солиқларсиз киришингиз мумкин бўлган тизим. Лекин бу меҳнат, атроф-муҳит, инсон ҳуқуқлари, сиёсий, иқтисодий, маданий ҳуқуқлар ва ҳоказолар бўйича 27 та конвенцияни ҳаётга татбиқ этиш учун ҳам рағбатдир. Ўтган йилнинг энг катта муваффақиятларидан бири мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилгани бўлди. ЕИ мониторингни таъминлаш учун кўплаб ҳамкорлар ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилди. Келажакда тўқимачилик экспортини ошириш нуқтаи назаридан ҳам европалик харидорлар учун жуда муҳим.
Европа бозори харидорлар билан тўла, лекин улар сифат жиҳатидан ҳам, маҳсулот қаердан келиб чиқиши бўйича ҳам жуда талабчан: ким ишлайди, одамларнинг меҳнат шароитлари қандай. Гап шунчаки бирор нарсани жўнатишда эмас, балки маҳсулот сифати ва уни қандай ишлаб чиқарилганлиги ҳақида. Ишончим комилки, ҳозир амалга оширилаётган барча ислоҳотлар туфайли яхши имкониятлар очилади.
Биз узоқ вақтдан бери минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган минтақавий дастурлар билан ишлаяпмиз. Бизда Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга ёрдам дастури (BOMCA) бор эди. Марказий Осиёда гиёҳвандликка қарши кураш дастури ҳам мавжуд. Бундай дастурлар чегара ҳудудларидаги аҳолини ҳамкорликка ундайди. Улар чегараларни динамик қилади, одамларга чегараларни кесиб ўтишга имкон беради ва шу билан одамлар ўртасида алоқаларни ўрнатади.
Биз Европада айнан шундай қилдик. Биз давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш учун халқлар ўртасида алоқалар ўрнатдик. Бу Иккинчи жаҳон уруши пайтида ўзаро уруш ҳолатида бўлган Франция ва Германия, Бельгия ва Люксембург ўртасида алоқаларни ўрнатиш орқали амалга оширилди. Кейин эса биз трансчегаравий ҳамкорлик устида ишлай бошладик. Кейин у тобора кўпроқ ривожланиб, бугунги кунда мавжуд бўлган нарсага айланди: кўпроқ ҳамкорлик ва чуқурроқ интеграцияга эга бўлган каттароқ тузилма.
Анжуманда рақамли технологиялар устида ишлаш бўйича ғояларни муҳокама қиламиз. Бу одамларни ўзаро боғлаш, уларга имконият беришдир. Рақамли технологиялар нафақат кенг полосали тармоққа тегишли, балки улар таълим олиш, маълумотлардан фойдаланиш ҳамда сиз Европа давлатларидан олишни истаган маълумотлар ва билимлар учун имкониятлар яратиши мумкин ва аксинча, чунки биз ҳам Марказий Осиёдан кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин.
Худди шу нарса транспорт коридорига ҳам тегишли. Мамлакатлар ҳозир экспорт қилишнинг бошқа йўлларини излашлари керак. Биз бу ердан Қозоғистонга, Каспий денгизига, сўнгра Озарбайжон, Грузия ва Туркияга ўтадиган «ўрта йўлак» имкониятларини ўрганмоқдамиз. Биз қандай қийинчиликлар борлигини, нима учун у шунчалик қимматга тушди ҳамда Европа Иттифоқи ва бошқа минтақаларга экспортни арзон ва қулай қилишнинг амалий йўлларини топиш учун нима қилишимиз мумкинлигини кўриб чияпмиз.
Атроф-муҳит, энергетика ва сув масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Биз биламизки, Марказий Осиё иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга таъсирчан ва бу қўллаб-қувватлаш ҳамда ечим топиш учун биргаликда ишлаш учун имконият. Биз бир қатор вазирликлар билан учрашиб, уларни Марказий Осиёдаги ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қиламиз.
Менимча, келажак учун ғоялар ва стратегиялар яхши. Биз яшил ўтиш, қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар, хусусийлаштириш, таълим ва бошқаларни кўряпмиз. Ўйлайманки, барча соҳаларда катта ислоҳот ғоялари ва стратегиялари мавжуд. Уларнинг олдинга силжиши, нафақат стратегиялар даражасида қолиши, балки амалга оширилиши муҳим.
Биз кўпроқ вақт бўлган ва стратегияни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаган қишлоқ хўжалиги соҳасида ўсишга гувоҳ бўлдик. Илгари мажбурий меҳнат, ҳатто болалар меҳнати ҳам мавжуд эди. Ҳозир эса пахта ерларининг кўплигидан ердан фойдаланишнинг хилма-хиллигига ўтаётгани, хусусийлаштириш кучайиб бораётганини кўрмоқдамиз. Кўп ўзгаришлар бор. Мисол учун, биз қўллаб-қувватлайдиган қишлоқ хўжалиги билимлари марказлари кичик уй хўжаликларини ишлаб чиқариш занжирини барқарор ва ривожланган ҳолда сақлаш учун зарур бўлган хизматлар, тадқиқотлар ва бозорлар билан боғлашни мақсад қилган. Бу жуда муҳим, чунки қишлоқ хўжалиги энг кўп одам ишлайдиган соҳалардан биридир.
Ишончим комилки, таълим соҳасидаги айрим ислоҳотлар ниҳоятда муҳим, чунки бу ҳар қандай жамиятнинг олға интилиши ва ривожланишининг асосидир. Буни яхши таълим тизими, касб-ҳунар таълими, меҳнат бозорлари билан ўзаро боғлиқликни таъминлашсиз амалга оширишнинг имкони йўқ.
Гендер масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда эркаклар сони аёлларга қараганда бир оз кўпроқ эканлигини бир кун олдин кўрдим, лекин фарқ жуда кичик. Европа Марказий банки президенти Кристин Лагард: «Агар аёллар иқтисодиёт ва жамиятда фаол иштирок этса, ЯИМни бир ёки икки поғонага оширишингиз мумкин», деди.
Бунда хотин-қизларнинг фаол иштирок этиши муҳим ва ҳукуматнинг шундай истаги борлигини кўряпмиз. Сенат раиси Нарбаева бор, у бу борада жуда фаол. Биз ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Эркак ёки аёл бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва имкониятлари бўлиши керак. Бу Ўзбекистоннинг келажаги учун муҳим.
Биз келишувлар, GSP+, барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида кўп гапирамиз. Бу ҳақиқатан ҳам муҳим. Аммо мен одамларга Европа Иттифоқи нима эканлигини тушунишлари учун ҳам ишламоқчи эдим. Чунки биз нимани ҳимоя қилишимиз ва нимани тақдим этишимиз, қаерда ёрдам беришимиз ва қандай қўллаб-қувватлашимиз мумкинлигини тушунтириш имконига эга бўлсак, ўшанда муносиб алоқаларни топиш учун кўпроқ имкониятлар бўлади. Шу боис, мен учун — элчи сифатида эмас, балки шахс сифатида ҳам фуқаролик жамияти вакиллари, ёшлар, аёллар билан доимий алоқада бўлиш, учрашиш, муҳокама қилиш ва воқеликни яхшироқ тушуниш имкониятига эга бўлиш муҳим эди.
Илк келганимда президент Мирзиёев билан учрашиш имконига эга бўлдим ва у менга: «Барча вилоятларга боришингиз шарт!» деди. Мен ҳамма вилоятларни бориб кўришнинг уддасидан чиқмадим, лекин бунинг муҳимлигига тўлиқ қўшиламан, чунки мамлакат улкан, ҳудудлар ҳар хил, одамларнинг ҳам ғоялари, урф-одатлари турлича, уларни ўрганиш керак. Бутун мамлакатни тушуниш учун, албатта, ташриф буюриб, нима ҳақида гапираётганингизни кўришингиз керак.
— Ўзбекистонда бир ярим йилдан бери ишлаяпсиз. Бу ерда сизга нима кўпроқ ёқади ва нимаси ёқмаслиги ҳақида ўз фикрингизни билдирсангиз.
— Менга энг ёқадиган нарса, бу — меҳмондўстлик. Бу ердаги одамларнинг энергияси мени ҳам ҳайратда қолдиради. Ёшми, аёлми, ёшми, қарими. Ҳукумат ҳам ғайрат билан ишларни олдинга силжитмоқда. Бу ерда кўп вақтимни иш, кўп саёҳатлар билан банд қиламан. Бу энергия менга ишлашни давом эттириш ва керакли алоқаларни яратиш учун куч беради. Мен бу энергияни яхши кўраман.
Ўзбекистонда велосипедлар, жамоат транспорти кўпроқ бўлишини истардим. Ҳозирда кўп сонли электробусларни йўлга қўйиш ғояси бор, трамвайлар 2023 йилда пайдо бўлади — бу ажойиб ғоя, чунки бу экология учун фойдали, Тошкент эса гўзал яшил шаҳар бўлиб қолмоқда. Яшил жамоат транспорти ва велосипедлар автомобиллар ва автобусларга яхши муқобилдир. Мен, албатта, шаҳарни яхшилаш учун кўпроқ велосипедларни таклиф қиламан.
Давлат Умаров суҳбатлашди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.