Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТга саммитида иштирок этувчи давлатлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказади. Бу хақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади, дейилади хабарда.
Ҳар доимгидек, ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари, энг аввало, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, инновациялар, «яшил» ва рақамли иқтисодиёт борасидаги қўшма лойиҳалар, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларидаги дастурларни илгари суриш масалалари диққат марказида бўлади.
Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин етакчилари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар. Учрашув якунида Қўшма баёнот ва салмоқли келишувлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган, дейилади хабарда.
ХХР раиси Си Цзиньпин 15−16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасидаги тадбирларда иштирок этади.
Ўзбекистон ва Россия президентларининг музокаралари кун тартибидан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Алоҳида эътибор саноат кооперациясини кенгайтириш, ҳудудлар ва ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, қўшма иқтисодий лойиҳалар ва гуманитар дастурларни илгари суришга қаратилади.
Шу билан бир қаторда давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашадилар.
Президент Владимир Путин, шунингдек, ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси тадбирларида иштирок этади.
Олий даражадаги Ўзбекистон-Эрон музокаралари ва ташриф доирасидаги бошқа тадбирлар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Икки мамлакат етакчилари кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқадилар, савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратади, дейилади хабарда.
Учрашув якунида қатор қўшма ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
15−16 сентябрь кунлари Президент Иброҳим Раисий ШҲТнинг Самарқанд саммити тадбирларида иштирок этади.
Аввалроқ, Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммитида 30 дан ортиқ ҳужжатни имзолаш кутилмоқда, деди Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов. Улар қаторидан Эронни ташкилотга киритиш учун мажбуриятлари, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкорлари аъзолигини кенгайтиришга оид ҳужжатлар ўрин олган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.