Ортиқхўжаевнинг ўрнига келган Раҳмонов пойтахтда 40 та мини поликлиника ташкил этиш учун 900 млн сўм ажратишни буюрди

Ортиқхўжаевнинг ўрнига келган Раҳмонов пойтахтда 40 та мини поликлиника ташкил этиш учун 900 млн сўм ажратишни буюрди

Бу маблағлар маҳаллаларда 40 та контейнерларни клиникага айлантириш, жумладан, таъмирлаш, коммуникация тизимларига уланишга йўналтирилади.

Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва пойтахт ҳокимлиги томонидан лойиҳа ишлаб чиқилиб, унинг доирасида Тошкент шаҳрининг 12 туманида 170 та маҳалла тиббиёт пунктини ташкил этиш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу клиникалар икки ўринга мўлжалланган бўлиб, барча зарур дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, ЭКГ аппарати ва кислород баллонлари билан жиҳозланган. Шунингдек, 2 нафар умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира томонидан аҳолига жойида тиббий хизмат кўрсатилади.

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов «Зангиота — 1» ва «Зангиота — 2» шифохоналари ҳудудида аввал ўрнатилган 40 та контейнерни қайта жиҳозлаш учун 900 миллион сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бу маблағ Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари захирасидан ажратилиб, контейнерларни таъмирлаш ва коммуникацияларни (иссиқлик, сув таъминоти, канализация ва электр таъминоти) ётқизиш учун сарфланади.

Лойиҳага кўра, биринчи босқичда энг кўп поликлиникалар Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида (7 ва 6 тадан), Мирзо Улуғбек туманида 4 тадан ва бошқа туманларда 2-3 тадан поликлиникалар ташкил этилади. Йил охиригача Тошкент шаҳрининг барча туманларида жами 170 та мини поликлиника ташкил этилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.