“Ўзбекнефтгаз” бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарёда жойлашган конлардан табиий газ қазиб чиқариш ҳолатини ўрганди.
Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан навбатдаги назорат тадбирлари Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларида олиб борилди.
Ташриф кун тартибига кўра, дастлаб “Шўртан” конидаги 352-, 362-, 348-, 361- ва 393-сонли ишлатиш қудуқларининг фаолияти билан танишилди. Бурғилаш майдонларида пудратчи ташкилот ҳамда “Шўртан” конига бириктирилган масъуллар иштирокида режада белгиланган кўрсаткичларининг бажарилиш ҳолати ўрганилди. Мавжуд муаммолар бўйича фикр алмашиниб, масъулларга уларни бартараф қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бошқарув раиси ушбу қудуқлардаги бурғилаш жараёни билан танишар экан, мутахассислар билан Шўртан ҳудудидаги излов-қидирув ишларининг истиқболларини ҳам муҳокама қилди. Ушбу ҳудудда жойлашган Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Шўртан газкимё мажмуаси ҳамда “Uzbekistаn GTL” заводининг ишлаб чиқариш қувватларини хом ашё гази билан таъминлаш учун янги истиқболли майдонларни топиш ва уларда бурғилаш ишларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Маълумот ўрнида келтириш жоизки, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ўтган 2022 йилда 11 та газ конларидаги 273 та ишлатиш қудуқларидан 8,95 млрд куб метрни табиий газ қазиб чиқаришга эришилди. Конлардан қазиб олинаётган газ 8 та газни дастлабки тайёрлаш қурилмаларида бирламчи тайёрланиб, Сиқув компрессор станцияларида босими оширилиб қайта ишлаш учун “Шўртан” бош иншоотига ва Шўртан газ кимё мажмуасига узатилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.