Тожикистонда содир бўлган ер силкиниши Марказий Осиё учун «бомба» дейиладиган Сарез кўлига жуда яқин ҳудудда кузатилди. Агар зилзила мазкур сув ҳавзасига зарар келтирса, бу улкан фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин.
«Айни пайтда кўлнинг табиий тўғони хавфли саналади ва унда ёриқлар пайдо бўлгани ҳақидаги иддаолар ҳам бор. Тўғри, Сарез кўли ҳосил бўлганидан сўнг ҳозиргидан кучли зилзилаларнинг кўпи ва ундан кучлиларига «гувоҳ» бўлган. Аммо, зилзила ва афтершоклардан сўнг тожик томон тўғон ҳолати ҳақида маълумот бериб ўтса ёмон бўлмасди», – дейди ўзбекистонлик мутахассис Эркин Абдулаҳатов.
Эркин Абдулаҳатов, шунингдек, Тожикистон баланд тоғлари орасидаги Сарез кўли тўғонидаги эҳтимолий фалокат Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларига зарар етказиши мумкинлиги акс этган харитани эълон қилди. Харита Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон ҳудудларининг жуда катта қисми сув остида қолиб кетиш хавфи юқори эканини кўрсатади.
Бу фавқулодда ҳолат нафақат Тожикистон ва Ўзбекистон Қирғизистон ва Туркманистон ҳудудларни ҳам қамраб олади.
Тожикистон фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Рустам Назарзода 2021 йилнинг февралида Осиё тараққиёт банки ажратган 750 минг доллар миқдорида грант эвазига Сарез кўлида янги мониторинг ва эрта огоҳлантириш тизими ишга туширилишини маълум қилган эди. Ҳозирда тўғонда кечаю кундуз ишлайдиган кузатув пости мавжуд бўлиб, операторлар кузатиш нуқталарида сув белгилари ва бошқа параметрларни доимий равишда кузатиб борадилар.
Маълумот учун, Сарез кўли Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида денгиз сатҳидан 3255 метр баландликда жойлашган. Унинг узунлиги 70 километрни ташкил этади, максимал ўлчанган чуқурлик тахминан 500 метрни, сув ҳажми 17 куб километрдан ошади.
1911 йилда Помир тоғларида рўй берган кучли зилзиладан сўнг чучук сувли мана шу кўл ҳосил бўлган. Тоғнинг улкан девори қулаши натижасида, дарё ўзани тўсиб қўйилган ва шу жойда сув тўплана бошлаган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.