Чет элга кетмоқчиман, бироқ алимент тўлаш мажбуриятим бор…

Чет элга кетмоқчиман, бироқ алимент тўлаш мажбуриятим бор…


Мазкур ҳолат зиммасида алимент тўлаш мажбурияти бор бўлган кўпчилик фуқароларимизни бир мунча ўйлантириб, шубҳасиз, қийин вазиятга солиб қўяди. Маълумки, фуқаролар ишлаш мақсадида ёки бошқа мақсадларда чет эл сафарига чиқишади. Бу ҳолатда алимент тўлаш мажбурияти юклатилган фуқаро томонидан алимент тўлаш қандай тартибда амалга оширилади деган савол туғилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 145-моддасига кўра, алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет эл давлатга кетаётга қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш шарт. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бир юла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.10.2018 йилдаги 808-сон қарорига кўра, алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунга қадар ҳар қандай давр учун, беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади. Бироқ алиментни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунга қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.

Шу ўринда, алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тартибига ҳам қисқача тўхталиб ўтсак, юқоридаги ВМҚ 808-сонли Қарорининг йигирма тўққизинчи бандига кўра, гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятларини икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқини бериш учун бериш тузилади. Мазкур шартнома нотариал тартибда тасдиқланади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган БҲМ нинг 250 бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Агар қарздор томонидан кетма-кет икки оуй давомида алимент тўловлари тўланмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувни гаров предметига қаратиш чораларини кўради. Гаров шартномаси тарафлар келишуви ёки қонунчиликда белгиланган асосларга кўра суд қарорига асосан тугатилади.

Демак, қарздор ва ундирувчи ўртасидаги алиментларни тўлаш тўғрисидаги келишув, алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш орқалигина, алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахс чет элга ҳеч қандай чекловларсиз ( бошқа ҳуқуқбузарликларга дахлдор бўлмаса) чиқа олиши мумкин.

Мирзо Улуғбек тумани

ЮХКМ бош юрисконсулти

А.Жуманиёзова

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.