Байрам кунлари ходимларни ишлатиш ман этилади — Адлия вазирлиги

Байрам кунлари ходимларни ишлатиш ман этилади — Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги ходимларнинг байрам кунларидаги иш тартиби бўйича эслатма билан чиқди.

Ходимларни байрам (ишланмайдиган) кунлари иш берувчининг фармойиши бўйича ишга жалб этишга фақатгина жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича йўл қўйилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлашга йўл қўйилади.

«Дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади», - дейилади хабарда.

Президент фармонига асосан, Наврўз байрами муносабати билан дам олиш кунлари қуйидагича белгиланган:

— 5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар 5 кун;

— 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар 4 кун дам олишади.

Яъни:

— 18 март, шанба — 5 кунликларга дам олиш, 6 кунликларга иш куни;

— 19 март, якшанба — барча учун дам олиш куни;

— 20 март, душанба — 5 кунликлар учун 11 март шанбадан кўчирилган дам олиш куни, 6 кунликларга қўшимча дам олиш куни;

— 21 март, сешанба — Наврўз байрами, барчага дам олиш куни;

— 22 март, чоршанба — 5 кунликлар учун 25 март шанбадан кўчирилган дам олиш куни, 6 кунликларга қўшимча дам олиш куни.

Эслатиб ўтамиз, 23 март, пайшанба — барча учун иш куни.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.