Президентнинг тегишли қарори билан соғлиқни сақлаш вазирига 3 нафар янги ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Хусусан, Фаррух Рахимович Шарипов Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Фаррух Шарипов 2021 йилдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Шунингдек, Фарходжон Мухаммаджонович Ташпулатов Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
2006−2007 йилларда «Парвина суғурта» суғурта компанияси Тошкент шаҳри дирекцияси директори, 2007−2010 йилларда «Ўзбекинвест Ҳаёт» суғурта компанияси менежери, бош менежери лавозимларида меҳнат қилган. 2011−2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида бир қанча масъул вазифаларда ишлаган.
Фарходжон Ташпулатов 2021 йилдан «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Шу билан бирга, Олим Муродуллаевич Омонов Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
2005−2011 йилларда «Ўзбектелеком» АК «UzNet» филиали бўлим бошлиғи, 2011−2018 йилларда Вазирлар Маҳкамасида бир қанча масъул лавозимларда меҳнат қилган. 2018−2021 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси директори вазифасида ишлаган.
Олим Омонов 2023 йилдан «Чорвоқ» туристик рекреацион зона дирекцияси ДУК директори лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.