14 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.
Аёллар мулоқотининг навбатдан ташқари йиғилиши «Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш шароитида гендер тенглигига эришиш» мавзусида ташкил этилди.
Йиғилишда иқлим ўзгариши шароитида гендер тенглигига эришиш, аёл-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни таъминлайдиган платформа яратиш ҳамда долзарб муаммоларнинг самарали ечимига қаратилган стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Танзила Нарбаева ўз нутқида ҳозирги вақтда Марказий Осиё дунёнинг бошқа кўплаб минтақаларига қараганда глобал иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини кўпроқ бошдан кечираётгани, бу, ўз навбатида, сув ресурслари танқислигини, музликларнинг эришини ва чўлланиш жараёнларини тезлаштираётганини қайд этди.
«Орол денгизининг қуриши ва қуриган тубида Оролқум тузли чўлининг пайдо бўлиши минтақада комплекс экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқарди. Айнан шу сабабли БМТ бош ассамблеяси Орол фожиасини замонамизнинг глобал экологик муаммоси сифатида тан олди», — деди у.
Мулоқотнинг иш режасида минтақада атроф-муҳит билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва гендерга оид жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда уларни ҳал этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилди.
Шунингдек, гендер кун тартибини кўп томонлама форматда экологик хатарларни бартараф этиш мақсадида янада кенг илгари суриш, бунда халқаро молия институтлари инвестицияларини жалб қилиш таклиф қилинди.
Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотига 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон ташаббуси билан асос солинган. 2021 йилда мулоқотга Ўзбекистон раислик қилган.
Ташриф доирасида Танзила Нарбаева Тожикистон Мажлиси Оли Мажлиси милли раиси Рустами Эмомали билан ҳам учрашганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.