Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни Пекин шаҳрида «Бир макон, бир йўл» халқаро форумининг очилиш маросимида ҳамда «Инсон ва табиат уйғунлиги йўлида „Яшил ипак йўлини“ биргаликда барпо этиш» мавзусидаги ялпи йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Хитой вице-президенти Хань Чжэн модераторлигида ўтган саммит ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш, давлат ва ҳукуматлар етакчилари, молиявий институтлар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб «Макон ва йўл» ташаббусини қўллаб-қувватлаган ва мазкур ташаббуснинг асосий мақсад ва вазифаларини янада илгари суришнинг қатъий тарафдори экани таъкидланди.
Давлат раҳбари «Яшил ипак йўли» ташаббуси моҳият эътибори билан умумий «яшил» келажак кун тартибини шакллантиришини таъкидлади. ХХР раиси Си Цзиньпин томонидан илк бор 2016 йилда айнан Ўзбекистонда илгари сурилган ушбу ташаббусни Ўзбекистон ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган махсус резолюция доирасида Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудларини яратиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошираётгани таъкидланди.
Шу маънода, 2023 йилнинг сентябрь ойида БМТ бош котиби ташаббусига кўра ўтказилган Иқлим ўзгариши билан боғлиқ улкан вазифалар саммити якунларига юқори баҳо берилди.
Марказий Осиёда «яшил» тараққиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлида фикр алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Ўзбекистон раҳбари 2024 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Ўзбекистон «Яшил ипак йўли» доирасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон етакчиси Хитой ҳамда «Макон ва йўл» ташаббусининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.
«Марказий Осиёнинг „яшил“ кун тартиби» ва «Яшил ипак йўли» концептуал ташаббусларини ўзаро боғлаш доирасида иқтисодиёт тармоқларини «яшил» тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, «яшил» саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш чоралари ва лойиҳаларини ўз ичига олган «Яшил» тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
«Яшил ипак йўли»ни барпо этиш йўлидаги яна бир муҳим вазифа — «яшил» ишлаб чиқариш занжирлари ва инновацияларни ривожлантириш.
Давлат раҳбари кам углеродли иқтисодиёт ва «тоза» технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистонда «Яшил молиялаштириш» жамғармасини таъсис этишни таклиф қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси «яшил» маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирди. «Яшил» энергетикага ўтиш бўйича мулоқотни фаоллаштириш ва «Макон ва йўл» ташаббусига қўшилган мамлакатлар вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш таклифи билдирилди.
Ўзбекистон президенти Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида «яшил» билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга тушириш ташаббусини илгари сурди.
«Яшил» тараққиёт ва экология соҳаси учун малакали кадрлар танқислиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида етакчи хорижий олийгоҳлар ва таълим марказлари билан ҳамкорликда «Яшил» тараққиёт ва экология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва академик алмашувни ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф этди.
Бундан ташқари, президент табиий ресурслар ва атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш масаласига тўхталди.
«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида этно-экологик фестиваллар, форумлар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказишни назарда тутувчи «яшил» маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга туширишни таклиф қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида форум якунлари, унда билдирилган ғоя ва таклифлар инсониятнинг «яшил» келажагини барпо этиш йўлида муҳим ҳисса бўлишига ишонч билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.