Ўзбекистон йил охиригача Қўштепа канали юзасидан Афғонистонга ҳукумат делегациясини юборади

Ўзбекистон йил охиригача Қўштепа канали юзасидан Афғонистонга ҳукумат делегациясини юборади

«Толибон» қураётган Қўштепа канали қурилиши юзасидан Ўзбекистон ҳукумати делегацияси тузилмоқда ва у музокаралар ўтказиш учун йил охиригача Афғонистонга юборилади, дея маълум қилди «Газета.uz» билан суҳбатда делегация аъзоси, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов.

Афғонистонда «Толибон» томонидан қурилаётган Қўштепа канали юзасидан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистон ҳукумати делегацияси тузилмоқда. Бу ҳақда 17 октябрь куни Самарқандда ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасидаги тадбирларда қатнашаётган Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Ҳоким канал қурилишининг вилоятга таъсири борасида гапираркан, у Ўзбекистон эмас, Тожикистон чегарасидан қурилаётгани, шундай бўлсада барчага бирдек таъсир қилишини таъкидлади.

«Ҳозирча улар [Афғонистон томони] канални очгани йўқ, кеча кўрсатганлари бу сизот (еростидан сизиб чиқадиган сув — таҳр.) сувлари эди. Дарёда қурилиш ишларини тўлиқ амалга ошириб бўлишмаган. Бироқ, хоҳлаймизми, йўқми, сув [ҳажми]га таъсири қилади, камайишига олиб келади. Ўзлаштириш учун ҳали йиллар керак, канални қуришнинг ўзи бўлмайди. Канални қазиганда мутахассислар билан қилиш керак. Улар ҳали ерни ўзлаштиргани йўқ, ер ўзлаштирилиб, сувни ишлатиш жойи бўлиши керак. Ўзлаштириш ҳам катта маблағ талаб қилади. Биз сувнинг бошидамиз, ҳаммага таъсири бўлади, албатта. Унгача [масала] ҳукуматлараро [даражада] кўриб чиқилади», — деди Улуғбек Қосимов.

Вилоят ҳокими ҳолатни ўрганиш мақсадида президент топшириғи билан ҳукумат делегацияси тузилаётганини, унда ўзи ҳам борлигини маълум қилди.

«Газета.uz»да реклама

«Борсак, бу масалани [сув тақсимотини], албатта, кўтарамиз. Ҳозир қачон бориш масаласи кўриб чиқилмоқда, уларга хатлар юборилган, [ташриф] бир-бир ярим ой ичида бўлиб қолади», — деди у.

Улуғбек Қосимовнинг қўшимча қилишича, бошқа кичик масалалар ҳозиргача Сурхондарё ва Балх вилоятлари раҳбарлари даражасида ҳал этиб келинмоқда.

«Балх вилояти билан Сурхондарё вилояти ишчи гуруҳлари ойига 2−3 марта учрашиб туради. Ҳукумат даражасига олиб чиқилмайдиган барча кичкина ҳамда чегарадан ўтиш ва қайтишдаги масалаларни жойида бартараф қиламиз. Биласиз, савдо-cотиқнинг асосийси Ҳайратонда бўлади. Дунёдаги ҳозирги вазиятдан кейин у ерда савдо анча ривожланиб қолган», — дея қўшимча қилди вилоят раҳбари.

Қўштепа канали Балх вилоятининг Калдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилоятидан ўтиб, Фарёб вилоятининг Андхой туманигача етиб боради. Унинг узунлиги 280 километрни, эни эса 100 метрни ташкил этади.

2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон сув вазири Шавкат Хамраев Қўштепа канали орқали Афғонистон Амударёдан қанча сув олиши мумкинлигини маълум қилганди. Афғонистон Қўштепа канали орқали 600 минг гектар ерни суғормоқчи экани ҳақидаги гаплар эса асоссиз. Вазир Шавкат Хамраевнинг айтишича, «Толибон» тахминан 300 минг гектарни суғормоқчи, бунга 4−5 млрд куб метр сув етади. Ўзбекистон мана шу миқдор сақланиб қолишига интилади.

Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида мазкур канал ҳақида гапирар экан, «Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди», — деди.

Каналнинг ишга туширилиши «Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин», деб таъкидлади ва канал қурилишининг барча жиҳатларини ва унинг Амударёнинг сув режимига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга чақирди.

12 октябрь куни Қўштепа канали қурилишининг 2-босқичига старт берилди. Очилиш маросимида сўзга чиққан «Толибон» расмийлари минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистондан Қўштепа канали қурилиши бўйича ташвишланмасликни сўради. Улар Афғонистон минтақавий муаммоларни дипломатик алоқалар орқали ҳал қилишга тайёрлигини билдирди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.