24 октябрь куни Самарқандда «C5+1» (Марказий Осиё мамлакатлари + АҚШ) форматида минтақавий ҳамкорлик бўйича биринчи Вазирлар учрашуви бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, шунингдек, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр бошчилигидаги делегациялар иштирок этмоқда.
«Марказий Осиё доимо Европа ва Осиёни боғловчи кўприк вазифасини ўтаган. Давлатларимиз ўртасида мустаҳкам алоқалар мавжуд. Дунёда анъана, урф-одатлари ва қадриятлари жиҳатидан бир-бирига бунчалик яқин бўлган давлатлар мавжуд эмас. Биз шунчаки қўшнилар эмас, балки катта бир ҳудудда бирга яшаётган қариндошлар, ака-ука ва дўстлармиз», — деди вазир.
Шу боис бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад — аниқ комплекс чора-тадбирларни биргаликда пухта ишлаб чиқиш орқали минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан иборат, деди у.
«Шу билан бирга, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун бизда ҳали салоҳият мавжудлигини таъкидлаш муҳимдир. Шу муносабат билан биз АҚШнинг дунёдаги кутилмаган муаммолар олдида минтақамизнинг янада гуллаб-яшнаши ва жадал ривожланишига бўлган қизиқиши ва интилишини мамнуният билан қабул қиламиз».
Инвестициялар вазири Самарқанддаги учрашувни сентябрь ойида Нью-Йоркда «C5+1» платформаси доирасида минтақа ва АҚШ давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг давоми деб атади.
«Ушбу учрашув бўлажак қўшма ташаббуслар учун мустаҳкам қўлланма бўлиб хизмат қилиши керак, бу ҳам минтақалараро характерга эга бўлиб, Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади», — деди у.
USAID администратори Саманта Пауэр ушбу минтақавий учрашув эълон қилинган сентябрь ойида Нью-Йоркдаги саммитда президент Жо Байден АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатларида суверенитет, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаганини эслатди.
«Ушбу қадамларнинг барчаси бу мамлакатларнинг ҳар бирида иш ҳақи, барқарорлик ва умумий фаровонлик даражасини оширишга қодир. Ўтган ой БМТда президент Байден таъкидлаганидек, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ушбу мақсадга эришиш учун жуда муҳим бўлади — мамлакатларингизда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун ҳам, барча фуқароларингиз инклюзив ўсишдан фойдаланишлари учун ҳам», — деди USAID раҳбари.
Саманта Пауэрнинг қўшимча қилишича, минтақалараро ва халқаро савдодаги тўсиқларни камайтириш бўйича реал чоралар кўриш орқали Марказий Осиё мамлакатлари минтақага янги инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, экспорт учун янги бозорларни топиш ва фермерлар, тадбиркорлар, кичик ва ўрта бизнес эгалари даромадларининг ўсишига эришиш учун воситаларга эга бўлишлари мумкин.
«Иқтисодиётларингизни диверсификация қилишга — инновациялар билан бўлишишга, иқлим ўзгаришига мослашишга ва қайта тикланадиган энергиядан самаралироқ фойдаланишга ёрдам берадиган билим ва воситалар алмашинувига ҳисса қўшасиз. USAID сизга ёрдам беришга тайёр бўлган янги бозорларда савдони кенгайтириш эса барча мамлакатларингиз учун адолатли ва самарали иқтисодий ўсиш учун янги имкониятлар очади», — деди у.
USAID администратори АҚШнинг минтақадаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш мажбуриятини яна бир бор таъкидлади: «Қўшма Штатлар сиз билан бирга бўлишга тайёр, чунки президент Байден ўтган ой Нью-Йоркда сизнинг етакчиларингиз билан учрашганида айтганидек, „Биз бирлашсак, кучлироқмиз ва шунда дунё ҳам хавфсизроқ бўлади“».
Саманта Пауэр, шунингдек, Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун 14 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилишини маълум қилди. Бу пуллар силга қарши курашишга (3,2 миллион доллар), эпидемия ва пандемия таҳдидига қарши курашга (4 миллион доллар), хусусий секторни мустаҳкамлашга (3,5 миллион доллар) ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва самарадорлигини оширишга (3,5 миллион доллар) йўналтирилади.
Бундан ташқари, АҚШ Ўзбекистонда инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича янги дастурни амалга оширади. Дастурнинг биринчи йили учун 4,5 млн доллар ажратилган.
19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ раҳбарларининг «С5+1» форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтган. Музокараларда терроризмга қарши курашни кучайтириш, минтақавий иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва энергия хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган. Саммитда «барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш зарурати» ҳамда «бошқарув ва қонун устуворлигини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар» муҳокама қилинган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.