Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида 11 ноябрь, шанба куни Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда қўшма саммити ўтказилди. Унда Ғазодаги ҳарбий амалиётларни зудлик билан тўхтатиш талаб қилинди.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва бош вазир Муҳаммад бин Салмон ал Сауд «ҳарбий амалиётларни зудлик билан тўхтатиш, тинч аҳолига ёрдам кўрсатиш учун гуманитар йўлаклар ажратиш ва халқаро гуманитар ташкилотларга ўз вазифаларини бажаришга имкон бериш талабларини» таъкидлаб ўтди.
«Биз гуманитар фалокатга дуч келдик, бу [БMТ — таҳр.] Хавфсизлик кенгаши ва халқаро ҳамжамият Исроилнинг халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузишига чек қўйишга қодир эмаслигини исботлайди», — деди у Араб-ислом саммити иштирокчиларига.
Унинг таъкидлашича, минтақада хавфсизлик, тинчлик ва барқарорликка эришиш учун Фаластин халқига ўз қонуний ҳуқуқларини қўлга киритиш ва 1967 йилги чегаралар асосида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил давлат қуриш имконини бериш керак.
Ўз навбатида, Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳиссайн Браҳим Таҳанинг айтишича, саммит фаластинликларни тўлалигича қўллаб-қувватлаш ва Фаластин масаласини биргаликда ҳимоя қилиш мажбуриятини тасдиқлайди.
Йиғилишда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам нутқ сўзлаб, ташкилотнинг мазкур тадбир алоҳида рамзий аҳамият касб этишини таъкидлади.
«Бу бизни боғлаб турган муқаддас қадриятлар нақадар кучли эканининг ва биз мушкул дамларда бир-биримизга мустаҳкам таянч бўла олишимизнинг яққол тасдиғидир», — деди бош вазир.
«Ғазо секторидаги мисли кўрилмаган ҳалокат ҳаммамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солмоқда… Вайронагарчилик ва ҳалокат кўлами бўйича бугунги низо мисли кўрилмаган бўлиб, Яқин Шарқ можаросининг яқин 50 йиллик тарихида илк бор кузатилмоқда. Энг ачинарлиси, бу инқирознинг охири кўринмаяпти. Биз Фаластин диёрида юз бераётган можарога жим қараб туролмаймиз. Бу борада Ўзбекистон тегишли дипломатик чораларни амалга оширмоқда», деди Арипов.
«Ғазодаги қонли тўқнашувлар оқибатида кўрилган инсоний йўқотишлар ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Биз гўдакларнинг ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ноҳақлик деб биламиз», — деди Ўзбекистон ҳукумати раҳбари.
У Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирга эканини яна бир бор қатъий билдиришини қайд этди. «Ўзбекистон Фаластиннинг БМТ, ИҲТнинг муқаддам қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқини қўллаб қувватлайди…», — деди у.
Бош вазир нутқи сўнгида аъзо давлатларни муқаддас Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа табаррук масканларнинг дахлсизлигини таъминлаш учун ўз имкониятларини сафарбар этишга чақирди.
«Зўравонлик яна давом этаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувга янги кучлар тортилишига сабаб бўлиши муқаррар. Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин», — деди Абдулла Арипов.
У, шунингдек, Ўзбекистон ИҲТнинг мазкур можарони ҳал этишда амалга оширадиган ишларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
Жазоир бошчилигида баъзи давлатлар Исроил билан дипломатик муносабатларни тўлиқ узишга чақирар экан, араб ташқи ишлар вазирлари иккига бўлинди, деб хабар қилди Deutsche Welle нашри Reuters`га таяниб. Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатган бошқа араб давлатлари бунга қарши чиқаркан, Биньямин Нетаньяху ҳукумати билан алоқаларни сақлаш зарурлигини таъкидлади.
«Халқаро тинчлик конференцияси энг муносиб ечимни тақдим этишига ишонамиз. Биз бу контекстда ўрнатиладиган тинчликни сақлаб қолиш учун зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишга, жумладан, кафил сифатида ҳам тайёрмиз», — деди у.
«Исроил Ғазодаги гўдаклар, болалар ва аёллардан ўч олмоқда. Ғазода зудлик билан зарур бўлган нарса бир неча соатлик пауза эмас. Аксинча, у ерда ўт очиш тўхтатилиши керак», — деди у.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.