Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 16-саммитида иштирок этди.
Нутқ бошида давлат раҳбари қуйидагиларни таъкидлади: «Бугун кўз ўнгимизда дунё сиёсий архитектураси том маънода ўзгармоқда ва глобал қайта қурилиш содир бўлмоқда. Бу мураккаб жараёнларда ўзининг катта ўрнига эга бўлган ташкилотимиз давлатлари биргаликда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши, вужудга келаётган хавф-хатарларга қарши самарали ечимлар топиши муҳимдир».
Президент жаҳондаги глобал инқирозга қарамасдан, ИҲТ давлатлари иқтисодиётлари барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётганини таъкидлади. Ўзбекистонда сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,5 баробар кўпайди. Давлат раҳбари 2030 йилга қадар ушбу иқтисодий кўрсаткични яна икки баробарга ошириш режалаштирилганини маълум қилди. Бунга, аввало, «яшил» иқтисодиёт ва замонавий инфратузилмани барпо этиш, хусусий секторни рағбатлантириш ва янги иш ўринлари яратиш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда.
«Бу борада халқаро майдонда ўз овози ва нуфузига эга ташкилотимизнинг барча аъзолари билан самарали ишлашга тайёрмиз. Зеро, яқин ва яхши қўшни бўлган мамлакатларимиз иқтисодиётлари бир-бирини тўлдира олади. Умумий савдо-транспорт коридорлари ва энергетика тармоқлари эса давлатларимизни узвий боғлайди. Биз янги «ўсиш нуқталари»ни биргаликда излаб топиш орқали келгусида салмоқли натижаларга, албатта, эришамиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Президент Ўзбекистон ИҲТнинг асосий ҳужжати бўлган «Истиқболлар — 2025» ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Шунингдек, у янги «Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари — 2035» ҳужжати бўйича мамлакат таклифларини эълон қилди.
«Бу ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизи демакдир. Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу ҳолатларни очиқ тан олишимиз ва уларни ижобий томонга ўзгартириш учун вазиятга янгича қараш билан ёндашиш керак», — деди президент ҳамда экспертлар томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкин.
Келгусида «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» ва Трансафғон мультимодал йўлларининг ишга туширилиши барча аъзо давлатлар манфаатларига мос келади, дея қўшимча қилди у.
Президент Тошкентда 2 ноябрда бўлиб ўтган транспорт вазирларининг йиғилишида «Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Туркия» транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳужжатга бошқа аъзоларни ҳам қўшилишга, ўзаро тариф ва йиғимларни мақбуллаштиришга чақирди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон Озарбайжон ва Туркия билан юк ташиш ҳужжатларини рақамлаштирганини, шунингдек, бошқа давлатлар билан бундай лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Бу каби замонавий тизимларни кенг жорий қилиш ҳамда самарали мувофиқлаштириш учун президент Тошкент шаҳрида ташкилотнинг Рақамли транспорт ва божхона офисини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
У Тошкентда 8 ноябрь бўлиб ўтган Савдо-саноат палаталари ва кўплаб компаниялар раҳбарлари иштирокидаги бешинчи бизнес форум хусусий секторда ИҲТ катта салоҳиятга эга эканини яққол кўрсатганини таъкидлади.
«Биз ташкилотимиз доирасида ҳудудлараро саноат кўргазмасини ташкил этиш ва унинг дастлабки тадбирини 2024 йилда юртимизда ўтказиш таклифини илгари сурамиз», — деди Ўзбекистон президенти.
Ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва ишларни тизимли асосда олиб бориш учун ИҲТ доирасида Энергетика вазирлари кенгашини таъсис этиш таклифи билдирилди.
«Тузилмамиз доирасида экология масалалари бўйича юқори даражали платформа яратиш бўйича ғоямизни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур изҳор этаман. Унинг биринчи анжуманини 2024 йилда Самарқанд иқлим форуми доирасида ташкил этишга тайёрмиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Шунингдек, президент келгуси ҳафтада Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси бажарилишини кўриб чиқиш бўйича қўмита йиғилишида мамлакатлар вакилларини фаол иштирок этишга чорлади. «Ҳозирги вақтда тобора жиддий муаммога айланиб бораётган қум-чанг бўронларига қарши курашиш мақсадида Самарқанд декларациясини қўллаб-қувватлашга чақирамиз», — дея қўшимча қилди у.
Ўзбекистон раҳбари ИҲТ котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлардан иборат алоҳида Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш таклифини билдирди. Президент унинг илк учрашувини келгуси йили ИҲТ туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиш мумкинлигини қайд этди.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти ушбу саммит ИҲТ аъзоларидан бири бўлган Афғонистон иштирокисиз ўтаётганига эътибор қаратди.
«Асрлар давомида бизга ён қўшни бўлган кўп миллатли Афғонистон халқини бугунги мураккаб муаммолари қаршисида ёлғиз қолдириб бўлмайди. Ушбу мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига фаол жалб этиш барқарор тараққиётимизнинг ажралмас ва зарурий шартидир. Барчангизни афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга, ушбу мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жамоавий масъулият ва мақбул механизмлар асосида ҳал этишга чақираман», — деди давлат раҳбари.
Олдинроқ Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитидаги нутқида Фаластин-Исроил урушининг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олаётганини айтгани ҳақида хабар бергандик. «Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз», — деган президент ўз нутқида.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.