Президентнинг 31 декабрдаги «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Давлат экология қўмитасига 2022 йил 1 декабрга қадар Экологик кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди. Кодексни кенг жамоатчилик, илмий-тадқиқот институтлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб этган ҳолда ишлаб чиқиш белгиланган.
Лойиҳа қуйидагиларни назарда тутиши лозим:
Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг архитектура, капитал қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилади.
Вазирлар Маҳкамаси аппарати тузилмасидаа 3 нафар ходимдан иборат бўлган Экологик назорат бўлими ташкил этилади.
Шу билан бирга, бундан буён Давлат экология қўмитаси раиси Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқлари Давлат экология қўмитаси раиси томонидан бевосита лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Давлат экология қўмитаси билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Аввалроқ, Дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилгани ҳақида ёзгандик. Эндиликда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини суратга олиб юборганларга ҳам пул тўланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.