Сергелидаги хонадонларнинг бирида 162 минг донадан ортиқ салютлар ҳамда петардалар сақланаётганлиги фош қилинди.
Қайд этилишича, Сергели туманидаги аввалдан кузатувга олинган шахснинг хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган ва муқаддам турли йўллар билан республикага олиб кирилган 162 минг 153 дона салютлар ҳамда петардалар сақланаётганлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган, аммо рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган 9500 қути тамаки маҳсулотлари ҳам сақланаётган бўлган.
“Тезкор тадбир давомида олиб қўйилган пиротехника воситалари ва тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 млрд сўмдан ошмоқда. Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда”, — дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.