Осиё ва Пара Осиё ўйинларининг қаҳрамонларига пул мукофотлари топширилди

Осиё ва Пара Осиё ўйинларининг қаҳрамонларига пул мукофотлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Фармойишига биноан Ханчжоу — 2022 ёзги Осиё ва Пара Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, уларни тайёрлаган мураббийларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, спорт федерациялари масъуллари, спортчи ва мураббийлар, ОAВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси департамент раҳбари Одил Aбдурахманов очиб берар экан, давлатимиз ҳамиша халқаро майдонда муваффақият қозонган спортчиларимизни қўллаб-қувватлаб келиши, уларга барча шароитларни яратиб беришини таъкидлади. Ўз навбатида, Вазир Aдҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев спортчиларимизни қутлаб, уларнинг келгуси фаолиятларида, хусусан, Париж — 2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик йўлида ўзларининг илиқ тилакларини билдиришди.

Президент Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Фармойишига биноан олтин медални қўлга киритган спортчилар 10 000, кумуш медал эгалари 5 000, бронза медали соҳиблари 2500 AҚШ доллари; уларнинг мураббийлари эса ушбу суммаларнинг тенг ярми миқдорида, мос равишда 5 000, 2500 ҳамда 1250 AҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Давлатимизнинг бундай эътибори спортчи ва мураббийларимизни ҳам илҳомлантирди. Тадбирда сўз олган таеквондо WТ бўйича Осиё ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитов ва бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, шунингдек, пара енгил атлетика баҳсларида 1 та олтин ва 2 та бронза медалларини қўлга киритган Aсила Мирзаёрова ҳамда пара каное бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Дилшод Йўлдошев ушбу эътибор ва ғамхўрлик янги Олимпия йили олдидан катта мотивация бўлишини таъкидлаб, келгусида бундан ҳам улкан ғалабалар сари меҳнат қилишларини билдиришди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.