Уқтирилишича, сўнгги йилларда давлат хизматлари кўрсатиш тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига қулай ва тезкор давлат хизматларини тақдим этишнинг замонавий инфратузилмаси вужудга келди. Натижада йилдан йилга давлат хизматларини кўрсатиш қамрови ортиб бориши кузатилмоқда.
2023 йил давомида Давлат хизматлари марказлари томонидан вилоят аҳолисига 1 млн 400 мингтадан ортиқроқ давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан 37 фоизи, яъни 525 тадан кўпроғини онлайн тарзда кўрсатилган хизматлар ташкил этди. Жумладан, ушбу марказлар томонидан 10,5 мингтага яқин ID-карта, 7,3 мингта хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳамда 10,5 мингта янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган, 35 мингтадан зиёдроқ тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Энг кўп давлат хизматлари Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Ургут туманлари аҳолисига кўрсатилган.
2023 йил давомида энг кўп кўрастилган хизматлар тури ҳам тилга олинди. Булур, яъни энг оммабоп давлат хизматларини қуйидагилар ташкил этади:
1. Жисмоний ва юридик шахслар учун электрон рақамли имзо олиш – 294 063 та;
2. Болаларни давлат боғчаларига жойлаштириш – 196 678 та;
3. Судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисида маълумотнома бериш – 85 617 та;
3. Автотранспорт бошқаруви учун жисмоний шахсларга электрон ишончнома (сотиш, бошқа давлатга олиб чиқиб кетиш ҳуқуқисиз) бериш – 70 447 та;
4. Кадастр паспортини шакллантириш — 48 453 та;
5. Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш – 48 380 та.
Афсуски, ҳозиргача давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида қонун бузилиш ҳолатлари рўй бериб турибди. Ўтган йили 15 мингтага яқин ана шундай ҳолат аниқланган. Шундан, 10 мингта ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган, бошқа ҳолатларда эса мурожаатлар асоссиз рад этилган, ортиқча ҳужжат талаб қилиб олинган, тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, бошқа қонун бузилишларига йўл қўйилган.
Бундай қонун бузилиш ҳолатлари энг кўп “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ва унинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан (3 986 та), Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси ва туман (шаҳар) филиаллари томонидан (2 895 та), Қурилиш ва архитектура идоралари томонидан (1 742 та), Соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан (1 338 та) содир этилган.
Қонун бузилишига йўл қўйган идора раҳбарларига чора кўрилдими? Маълум қилинишича, ушбу ҳолатлар бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 33 та тақдимнома ва 633 та огоҳномалар киритилган. Шунингдек, 501 нафар айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, 56 нафари интизомий жавобгарликка тортилган. Шундан 2 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Матбуот анжумани давомида 2023 йил мобайнида ФҲДЁ бўлимлари томонидан амалга оширилган ишларга ҳам батафсил тўхталиб ўтилди. Ўтган йили бўлимлар 114 444 та туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларини расмийлаштирган. Таваллуд топганларнинг 59 354 нафари ўғил, 55 087 нафари қиз. 2022 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 112 611 тани ташкил қилган. Энг кўп туғилиш Самарқанд (27 338 та) шаҳри ва Ургут (15 040 та) туманида кузатилган.
Шунингдек, 21 401 та ҳолатда ўлим далолалатнома ёзувлари (2022 йилда 20 211 та), 32 177 та никоҳ (2022 йилда 34 070 та) расмийлаштирилган. Бу йилги никоҳларнинг 95 таси чет эл фуқаролари билан, 80 таси МДҲ фуқаролари билан қайд этилган. Энг кўп никоҳ Ургут тумани (4 713 та), Самарқанд шаҳри (4 193 та), Пастдарғом (2 992 та) туманларида.
Ўтган йили 4 638 та никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилган (2022 йилда 4 903 та).
М.Қурбонов, шунингдек, давлат хизматлари соҳасида 2023 йилда амалга оширилган янги ёндошувлар ва аҳоли учун яратилган қулайликлар ҳақида ҳам сўз юритди. Жумладан, давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш қамрови қарийб 40 фоиздан ошган ҳамда 85 та янги давлат хизматлари жорий этилган.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланила бошланган.
Аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишини осонлаштириш мақсадида бугунги кунда шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими ишлаб чиқилган бўлиб, 80 мингдан ортиқ фуқаролар Мобил-ID тизимидан рўйхатдан ўтказилган. Бунинг натижасида алоҳида флеш-картани олиб юрмасдан хизматлардан осон ва тезкор равишда фойдаланиш имкони вужудга келди.
Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида Марказларда иш вақти белгиланган тақсимотга асосан ходимларнинг бир қисми соат 08.00 дан 17.00 га қадар, навбатчилик асосида қолган қисми соат 09.00 дан 18.00 га қадар хизмат кўрсатадиган бўлди.
Матбуот анжумани охирида М.Қурбонов журналистлардан унинг мурожаатини аҳолига етказишни сўради. Агар ваколатли орган, яъни давлат хизматини кўрсатиши лозим бўлган корхона, ташкилот хизмат кўрсатиш муддатини ўтказиб юборса ёки асоссиз рад этса, у вақтда фуқаро ариза билан ДХМга келса, тўлов суммаси қайтарилади. Демак, ҳуқуқи бузилган ва овора бўлган фуқарога унинг тўлаган маблағи қайтариб берилади.
М.Қурбонов каминанинг давлат ташкилотлари ва муассасалари фуқаролардан ҳозиргача яшаш манзили ҳақида маълумотнома сўраётганлигига қандай баҳо беришини сўраганимда, у бу амалиёт ноқонуний эканлигини таъкидлади. Президентнинг 2021 йил 23 мартдаги фармони билан давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан бир қатор фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни, жумладан, манзил-маълумот ахборотини талаб қилиши тақиқлаб қўйилган.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.