Текширувлардан сўнг Тошкентдаги ресторанлар менюси ўзбек тилига таржима қилинди

Текширувлардан сўнг Тошкентдаги ресторанлар менюси ўзбек тилига таржима қилинди

Basri Baba, Bon!, CakeLab каби бир неча муассасалар текширувдан ўтказилди. Улардан баъзиларида меню ўзбек тилида тақдим этилмаган ва мижозларга хорижий тилларда хизмат кўрсатилгани аниқланди.

Рақобат қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқ ва бошқа ахборот ресурсларида республикада фаолият юритаётган умумий овқатланиш шохобчалари хизматлари давлат тили қолиб, бошқа тилларда кўрсатилаётганидан норозилик билдирилган мурожаатлар ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Қўмита Матбуот хизмати хабар берди.

Ўрганишлар давомида хўрандаларга тақдим этилаётган таомнома хорижий тилларда яъни рус, инглиз, турк, хитой ва бошқа тилларда эканлиги аниқланган.

Жумладан, Тошкентдаги “Basri Baba” турк таомлари ресторани масъулларини жалб қилган ҳолда ўрганилганда таомнома фақат турк тилида эканлиги, ушбу ҳолат хўрандаларда бирмунча қийинчилик туғдираётгани ўз тасдиғини топган. Ўрганиш натижасида ресторан томонидан таомнома маълумотлари давлат тилида тайёрланиб, қўшимча хорижий тилларда ҳам берилиши таъминланган.

Шунингдек, «CHINA CHUAN CHUAN” МЧЖга қарашли хитой таомлари ресторанида хўрандаларга хорижий тилда муносабатда бўлинаётганлиги юзасидан тушган мурожаат ўрганиб чиқилган. Ўрганиш натижасида, қонунбузилиш юзасидан тегишли чоралар кўрилган: эндиликда ресторанда давлат тилида хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолият бошлагани ҳамда рус ва хитой тилларида тузилган таомномалар ўзбек тилидаги таржимасида хўрандаларга берилиши таъминланган.

Тошкентдаги “MIRZO-BOBUR” МЧЖга қарашли “Воn!” кафеси ходимлари томонидан мижозларга рус тилида хизмат қилинаётгани бўйича ижтимоий тармоқда қолдирилган мурожаат ҳам ўрганилган. Ўрганиш натижасига кўра, кафенинг 26 та шохобчасида таомномалар хўрандаларнинг талабига асосан давлат тилида, шунингдек рус ва инглиз тилларида тақдим этилаётгани маълум бўлган.

Ижтимоий тармоқ орқали «CAKELAB» қандолат ресторани тармоқларининг таомномасида рус тилида маълумотлар берилаётгани ҳам танқид қилинган. Мазкур масала ресторан масъулларини жалб қилган ҳолда ижобий ҳал этилиб, таомномалар давлат тилига мувофиқлаштирилган.

»Маълумот ўрнида, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилади. Мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин", — дейилади хабарда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.