Жорий йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис палаталари Кенгашлари аъзолари, депутатлар, сенаторлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Кун тартиби тасдиқлангач, 2024 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган тадбирларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Мамлакатимиз Президентининг фармонлари ва қарорларида мазкур йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга доир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.
Кун тартиби доирасида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг 2023 йилдаги фаолияти кўриб чиқилди.
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан 38 та нодавлат нотижорат ташкилотининг устав фаолияти ва йиллик иш режаси ижросига жами 123 млрд 338 млн сўм, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига қўшимча давлат субсидияси шаклида қўллаб-қувватлаш учун 68 млрд 152 млн сўм йўналтирилган.
Бундан ташқари, Парламент комиссиясининг қарорига асосан Жамоат фонди томонидан 2023 йилда давлат грантларининг 6 та танлови ўтказилган ва 200 та лойиҳа 18 млрд сўмга молиялаштирилган.
Муҳокамалар чоғида соҳалар кесимида тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда муайян ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга қаратилган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш, ўтказиладиган танловларнинг барча босқичларини рақамлаштириш орқали шаффоф ва соғлом рақобат муҳитини яратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Мажлисида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма қарорлари қабул қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.