Вазир Ўзбекистон ҳукумати номидан юқори мартабали меҳмонга CMS COP14 халқаро конференциясидаги иштироки учун самимий миннатдорлик билдирди. Шунингдек, юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги изчил ислоҳотларга эътибор қаратилди.
“2023 йил Ўзбекистонда экология соҳасида улкан ўзгаришлар йили бўлди. Ҳукумат томонидан долзарб экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди. Биз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш комплексини тубдан ўзгартириш жараёнидамиз”, — деди Азиз Абдуҳакимов.
Шу билан бирга, вазир Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлаш борасида ҳам қатор ишлар қилинаётганлигини қайд этди.
“Охирги 6 йил ичида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар қамрови 4 фоиздан 14 фоизга оширилди. Ҳозирда 6 миллион гектарга тенг муҳим биологик хилма-хиллик ҳудудларини ҳимоя қиляпмиз, — деди у. — Таназзулга учраган яшаш жойларини тиклаш жуда муҳим. Шунинг учун Ўзбекистонда кенг кўламли ўрмонлар барпо этишга эътибор қаратилмоқда, жумладан, Орол денгизи тубининг 2 миллион гектардан ортиқ майдони қамраб олинган”.
Учрашувда Ўзбекистонда экотизим мувозанати ва барқарорлигини сақлайдиган турларни қайта тиклаш бўйича илғор лойиҳалар устида ишланаётганлиги қайд этилди. Жумладан, “Жайрон” Бухоро ихтисослашган питомниги ташкил қилинганлиги, питомник йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларнинг популяциясини тиклашда муҳим аҳамиятга эга бўлган юқори самарали наслчилик маркази ҳисобланиши таъкидланди. Қолаверса, гепард каби турларни қайта тиклаш бўйича ҳам яна катта режалар мавжудлиги айтилди.
MANBA: Халқ сўзи
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.