Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов бу турда эронлик Парҳам Мақсудлуга қарши оқ қора доналарда ўйнади. Спортчилар баҳс бошидан нисбатан эҳтиёткор ўйин намойиш этишди. Бу ўйиннинг ўрталарига бориб, бошқа ўйинлар якунига етиб, шу нарса маълум бўлдики, агар Нодирбек бугун ғалаба қозонса, муддатидан аввал ғолибликни қўлга киритади.
Шахматчилар шошмасдан позицион курашни давом эттиришди. Фақатгина 28-юришга келиб Абдусатторов вазиятни бироз оча бошлади ва томонлар қарама-қарши ҳужумлар билан жангни давом эттиришди. 40-юришда эса Абдусатторов ўз Фарзинини қурбон берди. Бу пайтда ватандошимизнинг С йўлагидаги пиёдаси Фарзинга чиқишга 2 қадар қолганди.
43-юришда Нодирбек рақиб тақдим этган пиёдани урмасдан, катта хатога йўл қўйди. Бунинг оқибатида Парҳамда ғалаба қозониш имконияти юзага келди. Рақибнинг босимига дош бериш учун учун Абдусатторовдан жуда катта аниқлик талаб этиларди. Ўзбек гроссмейстери эса ҳимояда ишончли ҳаракат қилди. Бунинг учун эса ҳаттоки Руҳни қурбон беришига тўғри келди. Эронлик шахматчида Шоҳ бериш имкониятига якунига етгач, Нодирбек ўша С йўлакдаги пиёдасини Фарзинга олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди ва 66-юришда у Фарзинга чиқди. Нодирбек 68-юришда яна бир ажойиб комбинация уюштирди. У ўша Фарзинни қурбон бериб, рақибнинг Фарзинини От билан уриб олишни режа қилгач, Мақсудли таслим бўлди. Бу пайтда тахтада Абдусатторовда От ва Фил қолганди. Рақибда эса 4 та пиёда.
Манба: stadion.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.