Кеча мукофот жамғармаси 196 минг АҚШ долларидан иборат бўлган турнирнинг илк кунида спорт ва жанговар самбо йўналишларининг 14 та вазнида беллашувлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Илҳом Пармонов ( 58), Аъзам Рашидов( 64), Убайдулло Мўминов( 71) ва Асқарбек Авганов( 88) ортда қолган кунги баҳсларда ғолиблик учун кураш олиб борди.
Муросасиз беллашувлар натижасида маҳоратли самбочиларимиздан Илҳом Пармонов 58 килограммдаги баҳсларда ярим финал остонасигача етиб келди. Бронза медали учун курашда грузиялик Ираклий Купатадзега кичик ҳисобда имкониятни бой бериб, 4-ўрин билан кифояланди.
64 килограмм вазнда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Аъзам Рашидов беллашувлар давомида Россия, Грузия, Туркманистон каби давлат вакилларини мағлуб этди. Финал беллашувида қозоғистонлик Жондас Бейсенбаевни таслим этди ва олтин медалга сазовор бўлди.
Бугун, 8 июнь куни жаҳон кубогининг сўнгги кунида 14 та вазн тоифасида курашлар ташкил этилади. Терма жамоамиз аъзоларидан Рўзматбой Раҳимберганов жанговар самбо йўналишининг 71 килограмм вазнида ўтказиладиган курашларда иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон кубогида ғолибликка эришган самбочилар 3 минг, 2-ўрин соҳиблари 2 минг ва 3-ўринни эгаллаган спортчилар минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.