Озарбайжон президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Эрон президенти Масъуд Пезешкиён, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари — ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Афғонистон бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, ИҲТ бош котиби Асад Мажид Хон ҳамда бошқа қатор давлатлар ва минтақавий ташкилотлар делегациялари раҳбарлари қатнашди.
Шавкат Мирзиёев чиқишида қадимий Қорабоғ замини ва Хонкенди шаҳрида саммит ўтказилаётганидан мамнун эканини билдириб, «бугун ушбу ҳудуд том маънода бунёдкорлик ва тинчлик маконига айланиб бораётгани чин қардош сифатида бизни чексиз қувонтиради», деди.
Президент саммитни юқори даражада ташкил этгани учун Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга чуқур миннатдорлик билдирди. Мирзиёев Тошкентдаги тарихий саммитдан сўнг Ташкилотнинг институционал салоҳияти мустаҳкамланиб, янги йўналишларда ҳамкорлик ривожланганини таъкидлади. Шунингдек, Қозоғистоннинг самарали раислигини алоҳида эътироф этди.
Мирзиёев Афғонистон Муваққат ҳукумати делегациясининг анжуманда иштирокини мамнуният билан кутиб олди.
«Биз қўшни Афғонистонни Ташкилотимиз маконининг ажралмас бир қисми, кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик жараёнларининг муҳим иштирокчиси сифатида кўрамиз ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз», — деди Ўзбекистон раҳбари.
Ўзбекистон раҳбари нутқида «ҳозирда дунё ҳамжамияти кескин инқирозни бошидан кечираётганини», айниқса, Ташкилот маконида зиддиятлар кучайиб бораётганини қайд этди. «Халқаро ҳуқуқ ва глобал хавфсизлик институтларининг таназзули мулоқот ва ҳамкорликни заифлаштириб, куч ишлатишга йўл очмоқда», — деди президент.
Мирзиёев Эрон-Исроил ўртасидаги келишувни қўллаб-қувватлашини билдириб, «бу қарор минтақадаги кескинликни юмшатиш учун муҳим қадам», деди. Шу билан бирга, оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш ва ядро қуролидан холи ҳудудлар сонини кенгайтиришга чақирди.
«Ташкилотимиз аъзоси бўлган Эрон Ислом Республикасига нисбатан олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани уруш гирдобига тортиш, кенг миқёсдаги экологик ҳалокат ўчоғининг вужудга келиш хавфини туғдирди», — деди президент.
Президент Фаластин-Исроил зиддияти ҳақида сўз юритар экан, «адолатли ҳал этилмасдан туриб, Яқин Шарқда тинчликка эришиб бўлмайди», дея таъкидлади. Ўзбекистон Ғазода ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, очлик ва ғайриинсоний шароитдан азоб чекаётган аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатишга ҳеч қандай тўсиқ қўймаслик ва мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдори эканини билдирди.
Мирзиёев нутқида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг муҳим стратегик аҳамиятга эга эканига эътибор қаратди. У «Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари — 2035» концепциясини қабул қилиш, инновациялар, сунъий интеллект, рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришни таклиф этди.
Президент ҳозирда ўзаро савдо ҳажми паст даражада эканини билдириб, «бу кўрсаткич 2024 йилда 95 миллиард долларни ташкил этиб, умумий савдо айланмасининг 10 фоизини ташкил этди», — деди. У Тошкентда савдо вазирлари учрашувини ўтказиш ва «яшил йўлаклар» тизимини яратиш таклифини илгари сурди.
Шавкат Мирзиёев геосиёсий воқеалар сабаб логистика занжирлари узилиш хавфи ортиб бораётганини қайд этиб, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга оширишни бошлаганимиз муҳим воқеа бўлди», деди. Президент Рақамли транспорт ва божхона идорасини ташкил этиш ташаббусини амалга ошириш вақти келганини билдирди.
Президент Самарқандда Миллий авиакомпаниялар форумини ўтказиш, туризм хизматларини кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклифини билдирди.
Мирзиёев COP 29 саммитидаги келишувларни амалга ошириш тарафдори эканини айтиб, чўл ҳудудларида ўрмонлар барпо этиш бўйича Трансчегаравий «яшил дастур»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг Юқори даражадаги қўмитаси ишини ижобий баҳолар экан, қўмитани Ташкилотни ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга чақирди.
Президент сўзининг якунида: «Бугунги саммит кўпқиррали ва амалий ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаришга муносиб туртки бўлади», деди ва барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.