Ўзбекистонда иссиқхона газларининг чиқарилиши чекланади

Ўзбекистонда иссиқхона газларининг чиқарилиши чекланади

7 июль куни «Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинди. Қонун апрель ойида Сенат томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган эди.

Ҳужжат республикада иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ва бунинг оқибатида ҳосил бўладиган углерод бирликлари муомаласини амалга ошириш тартиб қоидаларини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилишининг тизимли назоратини таъминлашга қаратилган. Қонун 6 боб, 29 та моддадан иборат.

Қонунда иссиқхона газлари тушунчаси қайта кўриб чиқилиб, инфрақизил нурларни тутиб қолувчи ва қайта чиқарувчи, келиб чиқиши табиий ёки антропоген бўлган ҳамда Париж битимига мувофиқ назорат қилинадиган муайян газсимон моддалар тушунилиши белгиланди.

Шунингдек, Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашнинг асосий принциплари белгиланди. Унга кўра, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш устуворлиги, давлатнинг халқаро мажбуриятларни бажариш зарурлиги, тартибга солинадиган ташкилотларнинг иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботларининг мажбурийлиги ва очиқлиги, иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни бажаришнинг мажбурийлиги, иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашга доир ёндашувларнинг илмий асосланганлиги, тизимлилиги ва тўлиқлиги асосий принциплар ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш чоралари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • иссиқхона газлари чиқарилишининг давлат ҳисобини юритиш;
  • иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни белгилаш;
  • иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш ва уларнинг тутиб қолинишини ошириш бўйича фаолиятни қонунчиликда белгиланган тартибда қўллаб-қувватлаш.

Шунингдек, юридик шахслар, ЯТТ ва жисмоний шахслар «яшил» лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириладиган «яшил» лойиҳалар натижасида қисқартирилган иссиқхона газлари давлат томонидан тўлиқ тасарруф этилади.

Ҳужжат орқали углерод бирликларининг муомаласи тартибга солинади. Қонунга мувофиқ, углерод бирлиги — иссиқхона газларининг «яшил» лойиҳани амалга ошириш натижасида қисқартирилган ёки тутиб қолинган, бир тонна карбонат ангидрид гази эквивалентидаги оғирликда ифодаланган миқдори ҳисобланади. Углерод бирликлари махсус реестрда рўйхатдан ўтказилади.

Углерод бирликларининг реестри «яшил» лойиҳалар, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида муомалага чиқарилган углерод бирликлари, углерод бирликларининг эгаси томонидан уларни бошқа шахсга ўтказиш ва углерод бирликларини муомаладан чиқариш тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади.

Углерод бирликларини бошқа шахсга ўтказиш ҳисоб эгасининг топшириғига асосан унинг ҳисобидаги углерод бирликларини ҳисобдан (сотиш) чиқариш киритиш орқали ва углерод бирликларини олувчининг ҳисобига киритиш орқали амалга оширилади. Углерод бирликларининг эгаси углерод изини камайтириш мақсадида углерод бирликларини муомаладан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

«Яшил» лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳосил бўлган, муомалага чиқарилган углерод бирликларининг нархларини бозор механизмлари асосида белгилашга рухсат этилади. Муомала иштирокчилари «яшил» лойиҳалар доирасида қисқартирилган иссиқхона газларининг муайян улушини ва (қисмини) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда халқаро углерод бозорларида сотиш ҳуқуқига эга.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.