АОКАнинг назорат ва мониторинг вазифалари «Ўзкомназорат»га ўтказилди
14 июл куни президентининг «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони [ПФ 111-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги
хабар қилди.
Фармонга кўра:
- Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тугатилиб унинг ахборот соҳасида назорат ва мониторинг бўйича вазифа ва функциялари Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясига ўтказилди;
- Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ Администрация бўйсунувига ўтказилди;
- Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази негизида Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ташкил этилди;
- Администрация матбуот хизмати медиа-маркази негизида Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташкил этилди;
- Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташкил этилди;
- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Администрация бўйсунувига ўтказилди.
2025 йил 1 сентябргача бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, такрорланувчи назорат функцияларини бекор қилиш, қарор қабул қилишда шаффофлик ва очиқликни таъминлашга қаратилган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ваҳ ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасида маҳаллий ҳокимликлар иқтисодий, маъмурий ва молиявий ваколатларини янада кенгайтиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.