Тақдимот 21 февраль куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида берилган топшириқ ижроси доирасида бўлиб ўтди.
20 дан ортиқ хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида ҳарбий таълимни ҳар томонлама модернизация қилишни назарда тутувчи янги миллий модел ишлаб чиқилди.
Таклифларга кўра, Қуролли кучлар академияси негизида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилади. Мудофаа вазирлигининг барча таълим муассасалари — 5 та институт, Сержантлар тайёрлаш олий мактаби ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари мутахассисларини тайёрлаш маркази институт мақомида мазкур университет таркибига ўтказилади.
Марказлаштирилган вертикал тузилмани яратиш қўшинлар салоҳиятини ошириш, дуал таълимни кенгайтириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишга қаратилган.
Сержантлар тайёрлаш олий мактабида етакчилик қобилиятини ривожлантириш, замонавий қурол-яроғ ва тактикаларни ўргатиш бўйича янги тизим жорий этилади.
Бундан ташқари, тор мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашнинг «2+2» гибрид модели жорий этилмоқда. Фуқаролик олий таълим муассасаларининг 2-курс талабалари ўртасида психолог, алоқачи, таъминотчи ва омборчи каби 18 та мутахассислик бўйича курсантлар танлови ўтказилади.
Битирувчи курсантлар учун Олий бош қўмондон давлат стипендияси ҳам таъсис этилмоқда. Унинг эгалари бакалавриатни тамомлагандан кейин беш йил мобайнида ҳарбий олий ўқув юртларининг магистратура босқичига имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, 36 та йўналиш бўйича фуқаролик ва ҳарбий касблар бўйича иккита диплом тизими жорий этилмоқда, бу эса ҳарбий хизматчиларга хизматдан сўнг фаол меҳнат фаолиятини давом эттириш имконини беради.
Педагогик кадрлар тайёрлаш мақсадида хорижий давлатларда ҳарбий педагоглар малакасини ошириш йўлга қўйилади.
Президент тақдим этилган ташаббусларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.