Президент 500 та бозор ва савдо марказларида рақамли ечимларни жорий этишни топширди

Президент 500 та бозор ва савдо марказларида рақамли ечимларни жорий этишни топширди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев рақамлаштиришни коррупцияга қарши курашда энг самарали восита деб атади. Бу ҳақда у 29 июль куни маиший коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш чора-тадбирлари бўйича тақдимотда айтиб ўтди.

«Мен доим айтганман, коррупцияга қарши курашдаги энг ишончли восита — бу рақамлаштириш», — деди давлат раҳбари «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида.

Мисол тариқасида у Тошкентдаги «Чорсу» бозори тажрибасини келтирди, у ерда рақамлаштиришдан сўнг солиқ тушумлари икки баравар ошган.

Президент мазкур тажрибани бошқа объект ва муассасаларда ҳам жорий этишни топширди:

«Шунинг учун тахминан 500 та бозор, йирик савдо марказлари ва пуллик хизмат кўрсатувчи давлат муассасалари ҳам рақамли ечимларни жорий қилиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президент барча соҳаларни тўлиқ рақамлаштириш ва уларни прокуратура ахборот тизимларига интеграция қилиш бўйича топшириқ берганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қонунчилик ижроси устидан назоратни кучайтиради.

Шунингдек, у ер муносабатлари соҳасида коррупцияни йўқ қилиш бўйича тизимли таҳлил асосида тайёрланган лойиҳани тақдим этди.

«Бешта ваколатли органдан фақат Кадастр агентлиги „Ўзбеккосмос“ мониторинг маълумотларидан самарали фойдаланмоқда. Натижада ер масалаларида қонунийликни таъминлаш самарадорлиги сўнгги икки йилда 3,5 бараварга ошди», — деди бош прокурор.

Унинг сўзларига кўра, ноқонуний фойдаланилган қарийб 63 минг гектар ер майдонининг тахминан 51 минг гектари давлат захирасига қайтарилган.

«Агар қолган тўртта ваколатли орган ҳам ушбу маълумотлардан фойдаланишни бошласа, натижа янада ошади. Энг муҳими — бу давлат захирасидаги ва суғориладиган ерларни ҳимоя қилиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини беради», — дея таъкидлади Йўлдошев.

Шунингдек, назорат органи раҳбари ҳар бир ер майдони устидан назоратни кучайтириш учун қўшимча чоралар зарурлигини қайд этди.

«Биз мамлакатда давлат назоратидан ташқарида бирор гектар ер ҳам қолмаслиги учун барча чораларни кўришимиз шарт», — деди Йўлдошев.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.