Эъзозхон Камирова номзодини Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам маъқуллади. 31 июль кунги мажлисда янги вазирнинг тизимдаги ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга доир Ҳаракатлар дастури ҳақида ахборот берилди.
Шу пайтгача бу лавозимда Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 1 январдан бошлаб қайта ташкил этиладиган вазирликлар раҳбарларини тайинлаш тўғрисидаги фармони билан Ҳилола Умарова ўтирганди. У 14 июль куни Президент администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Эъзозхон Каримова 1973 йилда Наманган туманида туғилган. 1990 йилда Ҳамид Олимжон номидаги ўрта мактабни имтиёзли диплом билан тугатиб, Тошкент давлат университетининг фалсафа факултетига ўқишга кирган.
1996 йилда у университетда ўқишни тамомлаб ва аспирантурада қолган. 2003 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Фалсафа институтида ижтимоий психология ва социология бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, социология фанлари номзоди илмий даражасини олган.
Каримова 2004 йилда Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги Маънавият ва маърифат марказига раҳбарлик қилган. 2005 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олган.
Эъзозхон Каримова 2021−2021 йилларда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги бўлими бошлиғи, 2021−2023 йилларда Президент таълим муассасалари агентлиги директори маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.
2023−2024 йилларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги «Янги Ўзбекистон» университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори вазифасида иш олиб борган. Шундан сўнг Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаган.
Тайинловга қадар у 2025 йилнинг майидан мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари — Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.